Лула да Силва сайловда ғалаба қозонди, рақиби судга мурожаат қилмоқчи
Бразилияда президентлик сайловининг иккинчи босқичи якунланди. Овозларнинг 99,98 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг, амалдаги давлат раҳбари Луис Инасиу Лула да Силва 51,79 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани маълум қилинди.
Таъкидланишича, унинг асосий рақиби Флавио Болсонару 48,21 фоиз овоз тўплаган. Сайлов натижалари маълум бўлгач, Мексика, Куба, Уругвай, Боливия ва Парагвай раҳбарлари Лула да Силвани ғалаба билан табриклади.
Жумладан, Мексика президенти Клаудия Шейнбаум ушбу натижани демократия ғалабаси сифатида баҳолади. Уругвай президенти Яманду Орси эса Бразилия раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни табриклаганини билдирди.
Айни пайтда Флавио Болсонару сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди. У овоз бериш жараёнида айрим участкалар иш вақти узайтирилганини танқид қилиб, натижаларни суд орқали бекор қилишни талаб этишини маълум қилди.
С.Раҳимов, ЎзА