Бўлажак ҳуқуқшунослар рақамли таҳдидларга қарши курашга бугундан тайёрланмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига йўллаган мурожаатларида ёшлар рақамли таҳдидлар олдида энг заиф қатлам бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидладилар. Бўлажак ҳуқуқшуносларни тарбиялаётган олий таълим муассасаси учун бу устувор вазифа ва аввало, ўз фаолиятимизга янгича назар ташлашга чорлов ҳам саналади.
Давлатимиз раҳбари мурожаатларида кибермакон тармоқ орқали ҳужумлар уюштириш, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш воситалари фаол қўлланаётганлигини, улар асосий тўқнашувлар майдонига айланганини қайд этдилар. «Террорчи ташкилотлар рақамли муҳитдан фойдаланаётгани жиддий ташвиш уйғотади», дея таъкидладилар Президентимиз. Бу таҳдиднинг кўпчилик эътибордан четда қолдираётган бир жиҳати бор. Бир неча йил олдин экстремистик ташкилотлар асосан ёш йигитларни онлайн радикаллаштиришга эътибор қаратган бўлса, бугун уларнинг нигоҳи тобора кўпроқ хотин-қизлар ва ёш қизларга қаратилмоқда.
Экстремистлар хотин-қизларни ёллашнинг махсус усулларини қўлламоқда
Террорчилик ташкилотлари 2014 йилдаёқ ижтимоий медиа орқали жаҳон миқёсида ёллаш кампаниясини бошлаганида эркаклар билан бир қаторда аёллар ва ўсмирларни ҳам нишонга олди. Бу ташкилотларга қўшилган аёллар сони аввалги гуруҳлардагидан анча кўп бўлди. 2019 йилда йирик хорижий нашр хабаридан кейин TikTok ушбу ташкилотлар тарғиботини тарқатаётган ўнлаб аккаунтларни ўчирган эди. Уларнинг айримлари айнан ёш қизларга мўлжалланган бўлиб, тарғибот видеолари юрак ва гул шаклидаги безаклар, «жиҳодчи ошиқ» каби иборалар ва жозибали мусиқа билан безатилган эди.
Одатда экстремистлар хотин-қизларга бевосита зўравонлик ғояси билан эмас, уларнинг қизиқишлари орқали яқинлашади. Мода, турмуш тарзи, оила ва дўстлик ҳақидаги жозибали контент аста-секин радикал ғоялар билан аралаштириб борилади. Жангарига турмушга чиқиш романтик саргузашт сифатида кўрсатилади, аёлнинг ҳамдардлик ва адолат туйғусидан фойдаланилади. Европа Иттифоқининг Радикаллашувдан огоҳлантириш тармоғи (RAN) материалларида ҳам қизларнинг экстремистлар фойдаланадиган заиф нуқталари сифатида аввало уларни ҳаётида юз бераётган оилавий масалаларни уларга нисбатан бўлаётган камситиш деб сингдириш, уларга ҳамфикр «опа-сингиллик» муҳитини яратиш ва шахсий саволларга жавоб излаш кўрсатилган.
Бу хавф узоқда эмас. Ички ишлар вазирлиги мутахассиси Ф.Элмирзаевнинг «Мотуридийлик» журналида чоп этилган тадқиқотида шундай ҳолат келтирилади. Фарғона вилоятидаги касб-ҳунар коллежининг иккинчи курсида ўқийдиган 2006 йилда туғилган қиз ижтимоий тармоқда экстремистик ташкилот жангарисининг таъсирига тушиб, «онлайн никоҳ»дан ўтган, отасига тегишли 7 минг 250 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўғирлаб, Суриядаги жангариларни қўллаб-қувватлаш учун электрон шаклда юборган. Ушбу ҳолатлар ушбу масалага жиддий қараш заруратини кўрсатади.
Бу таҳдидга қарши курашда ҳуқуқшунос кадрлар ҳал қилувчи ўрин тутади
Экстремизмга қарши кураш фақат махсус хизматларнинг вазифаси эмас. Бундай ишлар одатда тергов, прокурор назорати, адвокат ҳимояси ва суд муҳокамасидан ўтади. Айни пайтда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ҳам кўп жиҳатдан ҳуқуқшуносларнинг маърифий фаолиятига ҳам боғлиқ. Шу боис бугунги юридик таълим бўлажак мутахассисни нафақат қонунни билишга, балки рақамли муҳитдаги янги таҳдидларнинг моҳиятини тушунишга ҳам тайёрлаши керак.
Бунинг долзарблигини янги қонунчилик ҳам кўрсатмоқда. Шу йил 3 ноябрдан кучга кирган ЎРҚ-1185-сонли Қонун билан экстремизм тушунчасига аниқ таъриф берилди, жавобгарлик табақалаштирилди. Тақиқланган материални биринчи марта сақлаган ёки тарқатган шахсга маъмурий жавобгарлик қўлланилади, экстремистик ташкилот тузганлар ва унинг фаолиятида иштирок этганларга эса оғир жазо белгиланди. Жазони ўтаганларни ижтимоий мослаштириш, экстремистик фаолият ҳақида хабар берган фуқароларни ҳимоя қилиш тартиби жорий этилди. Бу нормаларни тўғри қўллаш, адашган ёш қиз билан онгли равишда жиноят йўлига кирган ташкилотчини ажрата билиш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда далилларни баҳолаш юксак малакали ҳуқуқшунослардан катта масъулият талаб этади.
Университетимизда талабаларнинг ғоявий иммунитетини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда
Тошкент давлат юридик университетида ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирокида талабалар учун мунтазам равишда семинар ва тренинглар ўтказиб келинмоқда. Бундай учрашувлар талабаларга таҳдиднинг ҳуқуқий, амалий ва диний-маърифий жиҳатларини бир вақтнинг ўзида англаш имконини беради. Амалиётчи мутахассис экстремистлар ишлатадиган усуллар ва уларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳаётий мисоллар асосида сўзлаб берса, дин уламолари ёт ғояларнинг асл динимиз таълимотига зид эканини асосли далиллар билан тушунтириб беришмоқда.
Биз учун айниқса қиз талабаларимизнинг хавфсизлиги муҳимдир. Улар бугун ўзлари рақамли таҳдидлардан ҳимояланишни ўрганар экан, эртага судья, прокурор, терговчи ва адвокат сифатида жамиятни ҳимоя қиладиган мутахассисларга айланади. Бундан ташқари, ҳуқуқшунос талабалар ўз билимини тенгдошлари ва аҳоли билан бўлишиши ҳам уларни бошқа соҳа вакилларидан ажратиб туради. Президентимиз томонидан шу йили 6 ноябрда имзоланган волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштиришга оид Фармонида талабалар учун ихтисослигига мос «Касбий волонтёрлик» дастури ҳамда ёшлар орасида рақамли саводхонлик, интернет хавфсизлиги ва киберхавфсизлик кўникмаларини ошириш йўналиши белгилангани бу ишни янги босқичга олиб чиқиш имконини беради. Юридик олийгоҳ талабалари бугун маҳалла ва мактабларда, коллеж ва техникумларда бундай тадбирларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда. Талабаларимиз ҳар йили вилоятлар бўйича ўтказиладиган «ҳуқуқий тарғибот поездлари»да фаол қатнашиб, аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимларни тарғиб қилмоқда. Келгусида улар виртуал таҳдидларга қарши курашиш, ёшларнинг виртуал маърифий иммунитетини ошириш ишларида ҳам фаол иштирок этади.
Юридик таълим рақамли давр таҳдидларига жавоб бера оладиган тарзда ривожланиши лозим
Хорижий тажриба ҳам ҳуқуқ ва маърифат уйғунлиги самара беришини кўрсатмоқда. Эстонияда «веб-констебллар» деб аталувчи полиция ходимлари ижтимоий тармоқларда очиқ фаолият юритиб, фойдаланувчиларни хатарлардан огоҳлантиради. Германиядаги Juuuport лойиҳаси ёшларга интернетдаги хавф-хатарлар бўйича аноним маслаҳат беради. Мисрдаги Ал-Азҳар Экстремизмга қарши кураш обсерваторияси интернетдаги экстремистик ғояларни бир неча тилда кузатиб, уларга раддиялар тайёрлайди.
Бу тажриба ва ўз амалиётимиздан келиб чиқиб, юридик таълимда бир қатор йўналишларни кучайтириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Биринчидан, рақамли муҳитда экстремизмга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари, электрон далилларни тўплаш ва баҳолаш масалаларини ўқув машғулотларида ва амалиётга асосланган дуал таълимда талабаларга кенгроқ ёритиш лозим. Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва дин арбоблари билан ҳамкорликда ўтказилаётган семинар ва тренингларни амалий машғулотлар, вазиятли масалалар ва қўшма илмий тадқиқотлар билан бойитиш мақсадга мувофиқдир. Учинчидан, қиз талабалар орасидан тенгдошларга маслаҳат берувчи ёш тренерлар тайёрлаш, уларни мактаб ва маҳаллалардаги маърифий ишларга жалб этиш фойдали бўлади.
Бу ўринда ота-оналар ҳам огоҳ бўлиши шарт. Қизнинг кутилмаганда оиласидан узоқлашиши, телефондаги мулоқотларини яшира бошлаши, сирни сақлашни талаб қиладиган янги «дўст» пайдо бўлиши, қарашларининг кескин ўзгариши огоҳлантирувчи белгилар бўлиши мумкин. Бундай пайтда тақиқлашдан кўра самимий суҳбат ва мутахассис ёрдами самаралироқ натижа беради.
Президентимиз мурожаатларида хавф-хатарларга фақат тезкор муносабат билдириш билан чекланмасдан, уларнинг олдини олиш зарурлигини таъкидладилар. Олдини олишнинг энг ишончли йўли эса билим ва маърифатдир. Ҳуқуқий билимга эга, танқидий фикрлайдиган ва ўз эътиқодини англаган ёшларни ҳеч қандай ёт ғоя йўлдан оздира олмайди. Бундай ёшларни тарбиялаш эса биз, педагоглар зиммасидаги шарафли вазифадир.
Бекзод МУСАЕВ,
ТДЮУ Бизнес ҳуқуқи ва
суд ҳимояси факультети декани.