Педагогнинг руҳий ҳолати болалар камолотининг гаровидир
Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида болаларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришда педагогларнинг касбий маҳорати билан бир қаторда, руҳий барқарорлиги, ҳиссий ҳолати ва болалар билан соғлом мулоқот ўрната олиши ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Зеро, тарбиячининг кайфияти, болаларга муносабати ва кундалик фаолиятидаги руҳий мувозанати таълим-тарбия жараёнига бевосита таъсир кўрсатади. Касбий фаолият давомида юзага келадиган стресс, ҳиссий зўриқиш ва чарчоқнинг олдини олиш эса педагогнинг ўз саломатлигини асраши билан бирга, болалар учун хавфсиз, самимий ва қўллаб-қувватловчи муҳит яратиш имконини беради.

Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Тошкент вилоятида мактабгача таълим ташкилотлари педагогларини психологик қўллаб-қувватлашга қаратилган уч кунлик “Мувозанат” тренинглари бошланди. Унда 400 нафардан ортиқ тарбиячи ва психолог иштирок этмоқда.
Амалий машғулотларда иштирокчилар касбий фаолиятда руҳий барқарорликни сақлаш, стрессни бошқариш, ҳиссий чарчашнинг олдини олиш ва мураккаб вазиятларда ўзини тутиш усулларини ўрганмоқда. Машғулотлар назарий билимлар билан чекланиб қолмай, кундалик иш жараёнида қўллаш мумкин бўлган амалий кўникмаларни шакллантиришга ҳам йўналтирилган.

Дастурдан ҳиссий интеллектни ривожлантириш, ўз ҳис-туйғуларини бошқариш кўникмаларини мустаҳкамлаш, касбий рағбатни ошириш ҳамда жамоада соғлом ва дўстона иш муҳитини шакллантиришга қаратилган машғулотлар ҳам ўрин олган.
Тренингларда болалар учун хавфсиз ва соғлом психологик муҳит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, таълим-тарбия жараёнида ҳиссий ва жисмоний зўравонликнинг олдини олиш, улар билан самимий ва ишончли муносабат ўрнатиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Уч кунлик дастур давомида тарбиячи ва психологлар эгаллаган билим ҳамда кўникмаларини кундалик фаолиятида қўллаш, таълим-тарбия жараёнида соғлом психологик муҳитни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.
Ўқув-семинарлар 12 ноябрга қадар давом этади.
А.Мусаев,ЎзА