Замон билан ҳамнафас устоз
Устозлик – юксак мартаба. Унинг мақоми етиштирган шогирдлари, энг юксак мукофоти эса уларнинг эришган муваффақиятлари билан белгиланади.
Ўқитувчилик касби ҳақида сўз кетганда, ҳар хил таърифларни келтирамиз. Машаққатли, аммо шарафли касб деймиз. Бу касбнинг орқасидан оила тебратиш осонмас, деймиз. Энг муҳими, бу касб ҳақиқатан ҳам шарафли касб. Зеро, ҳар қайси инсон ўқитувчининг қўлида савод чиқаради, таълим-тарбия олади. Уларнинг келажагимиз ворисларига бераётган таълим-тарбияси эса юрт тақдирини белгилаб беради.

Бир вақтлар қадр топмаган бу касб кейинги йилларда том маънода қадрланмоқда. Таълим тизимида меҳнат қилиб келаётган педагогларимизнинг фаолиятига катта эътибор қаратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти.
Мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни халқаро талаблар даражасига кўтариш, ёш авлодга замонавий билим ва мустаҳкам ҳаётий кўникмалар бериш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бугун таълим ислоҳотларининг ҳақиқий самараси замонавий мактаблар, янги дастурлар ва илғор технологиялар билангина эмас, балки уларни ҳаётга татбиқ этаётган фидойи, билимли ва ташаббускор педагоглар меҳнати билан белгиланмоқда. Таълим соҳасида 24 йиллик меҳнат стажига эга педагог Гаухар Екубова ана шундай устозлардан бири.
Гаухар Екубова Навоий вилоятининг олис Томди туманидаги 13-мактабда ўқувчиларга қозоқ тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келмоқда. У ўқувчиларга фақат дарс ўтиш билан чекланмайди. У ўқувчилар қалбида билимга муҳаббат уйғотиш, билан бирга уларни мустақил фикрлашга ўргатиш, иқтидорини кашф этиш ва келажакка ишонч билан қадам қўйишга кўмаклашмоқда.

Кейинги йилларда таълим жараёнига ўқитишнинг илғор методларини татбиқ этиш, янги педагогик технологиялар асосида ҳамкасблари билан тажриба алмашиш, ўқув-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, намунавий дарс ишланмалари ва электрон тақдимот материалларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Г.Екубова ҳам бошқа ҳамкасблари каби 2025-2026 ўқув йилида ташкил этилган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларида тажрибали ўқитувчи сифатида иштирок этиб, ўзининг бой педагогик тажрибасини ҳамкасблари билан ўртоқлашиб келмоқда.
Албатта, педагог меҳнатининг ҳақиқий баҳоси, энг аввало, унинг шогирдлари эришган ютуқ билан ўлчанади. Айниқса, фан олимпиадаларида қўлга киритилган ғалабалар ўқитувчининг билим бериш маҳорати, изланишлари ва ўқувчилар билан олиб борган тизимли ишларининг амалий натижасидир.
Бугунги кунда устознинг ўқувчилари қозоқ тили ва адабиёти фани бўйича олимпиадаларда қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. Жумладан, 2024-2025 ўқув йилида Молдир Жалгасбаева ва Диана Турсимуратова асосий фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичларида фахрли биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритди. 2025-2026 ўқув йилида эса олимпиаданинг IV Республика босқичида Молдир фахрли биринчи ўринни, Диана эса фахрли иккинчи ўринни эгаллади.
Тинимсиз меҳнат ва ўргатилган билим ўз натижасини бериши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Фан олимпиадаларида юқори натижага эришиш бир кунлик меҳнат маҳсули эмас. Бунинг ортида мунтазам тайёргарлик, индивидуал ёндашув, қўшимча машғулотлар, ўқувчининг билим даражасини чуқур таҳлил қилиш ва унда ғалабага бўлган ишончни шакллантириш каби омиллар мавжуд.

Бугун Молдир Жалгасбаева Ўзбекистон Миллий университетида, Диана Турсимуратова эса Навоий давлат университетида таълим олишни давом эттирмоқда. Албатта, шогирдларининг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани устоз учун энг катта қувонч ва меҳнатининг муносиб натижасидир.
Устоз фақат қозоқ тили ва адабиёти фани билан чекланиб қолмаяпти. Унинг шогирдлари ўзбек тили фанидан ҳам олимпиадаларда иштирок этиб, натижаларни қўлга киритмоқда.
Гаухар Екубова жамоа орасида фақат ўқувчилари фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритадиган устоз сифатида эмас, балки ташаббускорлиги, талабчанлиги, адолатли муносабати, янгиликка интилиши ва касбига садоқати билан ҳам ҳурмат қозонган саноқли устозлардан биридир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири