Ўзбекистонлик ўқувчилар Pearson имтиҳонларида жаҳон рекордини ўрнатди
“Outstanding Pearson Learner Awards” мукофоти ҳар йили "Pearson Edexcel" халқаро имтиҳонларида муайян фанлар бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган ўқувчиларга берилади. Жорий йилда дунёнинг 85 мамлакатидан 740 та мактабнинг 2700 нафардан ортиқ ўқувчиси ушбу эътирофга сазовор бўлган. Pearson — Буюк Британиянинг етакчи халқаро таълим компанияларидан бири бўлиб, унинг Edexcel халқаро таълим дастурлари 80 дан ортиқ мамлакатда ўқитилади. "International GCSE" сертификатлари эса дунёнинг кўплаб нуфузли университетлари томонидан тан олинади.
Эътирофлиси шундаки, ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро таълим майдонида тарихий натижага эришди. Илк бор Президент мактабларининг 15 нафар ўқувчиси нуфузли “Outstanding Pearson Learner Awards” халқаро мукофотининг 18 тасига сазовор бўлди. Ушбу юксак натижалар ўқувчиларнинг 2026 йил июнь ойида ўтказилган “Pearson Edexcel International GCSE” халқаро имтиҳонларида кўрсатган билим ва салоҳияти асосида қайд этилди. Қувонарлиси, 11 та натижа жаҳон миқёсида энг юқори балл — “Highest Mark in the World” деб эътироф этилди. Шундан 9 таси физика, 2 таси биология фани ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, 7 та натижа Ўзбекистон бўйича энг юқори балл — “Highest Mark in Uzbekistan” номинациясида қайд этилди. Уларнинг 4 таси математика, 2 таси кимё ва 1 таси компьютер фанидан қўлга киритилди.
Бу тарихий натижалар мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, ёш авлодга сифатли таълим бериш ва иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган давлат сиёсати самарасидир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА