Болалар музейлари. Болалар учун таътилбоп масканлар (+видео)
Ёзги таътил бошланиши билан ота-оналар фарзандларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш йўлларини изламоқда. Бундай масканлар қаторида болалар учун мўлжалланган музей бўлимлари алоҳида аҳамият касб этади.
Гарчи Ўзбекистонда ҳозирча алоҳида йирик болалар музейи ташкил этилмаган бўлса-да, айрим давлат музейларида кичкинтойлар учун махсус хоналар ва интерактив майдонлар фаолият юритмоқда.
Жумладан, яқинда реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейида болалар бўлими ташкил этилди. Бу ерда болажонлар Амир Темур ва Темурийлар даврига оид китобларни мутолаа қилишлари, билим берувчи мобил ўйинларда қатнашишлари ҳамда расм чизиш ва бўяш билан шуғулланишлари мумкин. Шунингдек, улар учун шахмат машғулотлари ҳам йўлга қўйилган.

Куни кеча оммавий ахборот воситалари вакилларига тақдим этилган Ўзбекистон тарихи давлат музейининг янгиланган экспозициясида ҳам болалар хонаси ташкил этилган. Мазкур ҳудуд кичкинтойларнинг тасаввури ва ижодкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу ерда болалар расм чизиш, бўяш ва китоб ўқиш билан бир қаторда замонавий технологиялар ёрдамида ўзлари бўяган ҳайвонлар тасвирини анимацион шаклда “жонлантириш” имкониятига эга.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги болалар бўлими 2011 йилдан буён фаолият юритиб келади. Бу ерда музей ходимлари иштирокида тарихий ашёларнинг кичик нусхаларини тайёрлаш, кулолчилик ва археологияга оид маҳорат дарслари мунтазам ташкил этилади.
Айни пайтда музей биносида реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабабли кулолчилик ва рассомчилик машғулотлари Адиблар хиёбони ҳудудида жойлашган Тошкент музейида ўтказилмоқда. Ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари ташкил этилаётган ушбу дарслар болаларга янги билим ва кўникмалар бериш билан бирга, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, музейлардаги бундай интерактив майдонлар болаларда тарих, маданият ва санъатга қизиқишни оширади. Шу боис байрам кунлари ёки ёзги таътил давомида фарзандларни музейларга олиб бориш нафақат мазмунли ҳордиқ чиқариш, балки уларнинг дунёқарашини кенгайтириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/y13X4ieoeqs" title="Bolalar muzeylari. Bolalar uchun ta'tilbop maskanlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Меҳрожиддин Умрзақов, ЎзА