Бола соғлом туғилса — жамиятнинг эртаси ишончли бўлади
Бир чақалоқнинг дунёга келиши — бир оиланинг эмас, бутун жамиятнинг қувончи. Она саломатлиги эса шу қувончнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шу боис мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнида хавфларни барвақт аниқлаш, асоратларнинг олдини олиш ҳамда ҳар бир она ва чақалоққа сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бирига айланган.
Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлиги остида соғлиқни сақлаш тизимида инсон саломатлигини асраш, айниқса, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда нафақат замонавий тиббий технологияларни жорий этиш, балки ҳар бир хавфли ҳолатни олдиндан кўра билиш, бемор тақдирини жамоавий ва масъулиятли ёндашув асосида ҳал этишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Ана шу эзгу мақсаднинг мантиқий давоми сифатида Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш тизимида Акушерлик маслаҳат Кенгаши ташкил этилди. Янги тузилманинг асосий мақсади — ҳомиладор, туғруқдаги ва туғруқдан кейинги аёлларга кўрсатилаётган акушерлик ёрдами сифатини янада ошириш, юқори хавф гуруҳига кирувчи ҳомиладорларни барвақт аниқлаш ва уларни ўз вақтида назоратга олишдан иборат.
Зеро, акушерликда вақтнинг ҳар бир дақиқаси муҳим. Айрим ҳолатларда ўз вақтида қабул қилинган битта тўғри қарор она ва боланинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Шу нуқтаи назардан Кенгаш фаолиятининг энг муҳим жиҳати — мураккаб ҳолат юзага келгандан сўнг ҳаракат қилиш эмас, балки хавфни олдиндан аниқлаш ва унинг олдини олишга қаратилганидадир.
Кенгаш мажлисларида юқори хавфли ва мураккаб ҳомиладорлик, туғруқ билан боғлиқ оғир ҳолатлар атрофлича кўриб чиқилади. Акушерлик қон кетиши, преэклампсия ва эклампсия, акушерлик сепсиси, ҳомила дистресси каби ҳаёт учун хавфли ҳолатларда беморга тиббий ёрдам кўрсатишнинг энг мақбул тактикаси белгиланади. Зарур ҳолларда эса беморни юқори даражадаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага йўллаш масаласи ҳам тезкор тарзда ҳал этилади.
Кенгашга Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Мухсин Ражабов раислик қилади. Кенгаш таркибига вилоят тиббиёт муассасаларининг тажрибали ва юқори малакали шифокорлари, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро вилояти филиали раҳбари, Бухоро шаҳар туғруқ комплекси бош шифокори ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг профессор илмий унвонига эга акушер-гинеколог мутахассиси киритилган. Энг муҳими, мураккаб клиник ҳолатларда масала фақат бир мутахассис доирасида қолиб кетмайди. Зарур ҳолларда анестезиолог-реаниматолог, неонатолог, терапевт, кардиолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари ҳам Кенгаш ишига жалб этилади. Бу эса ҳар бир ҳолатни турли жиҳатдан баҳолаш, хавф омилларини тўлиқ аниқлаш ва бемор учун энг мақбул тиббий тактикани белгилаш имконини беради.
Кенгаш мажлислари заруратга кўра, айниқса мураккаб ва юқори хавфли ҳолатлар аниқланганда ўтказилади. Шошилинч вазиятларда эса Кенгаш зудлик билан чақирилиши мумкин. Муҳокама якунида беморни олиб бориш бўйича аниқ тиббий тактика белгиланиб, қабул қилинган қарорлар расмийлаштирилади. Бу эса мураккаб вазиятларда вақтни бой бермаслик, шифокорлар ҳаракатини бир мақсадга йўналтириш ва тиббий ёрдамда изчилликни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Кенгаш фақат жорий ҳолатларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмайди. Унда оғир акушерлик асоратлари, она ва перинатал ўлим ҳолатлари, шошилинч кесар кесиш операциялари, акушерлик қон кетишлари, гипертензив асоратлар ва акушерлик сепсиси каби критик ҳолатлар ҳам мунтазам таҳлил қилиб борилади. Ушбу таҳлилларнинг мақсади айбдор излаш эмас. Асосий вазифа — хатонинг сабабини аниқлаш, камчиликни бартараф этиш ва келгусида унинг такрорланишига йўл қўймаслик. Шу асосда тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш, мутахассислар малакасини ошириш ва акушерлик амалиётида ягона ёндашувни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Акушерлик маслаҳат Кенгашининг ташкил этилиши Бухоро вилоятида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимида муҳим янги босқични бошлаб бермоқда. Эндиликда юқори хавфли ҳомиладорликларни барвақт аниқлаш, мураккаб ҳолатларни мутахассислар иштирокида чуқур муҳокама қилиш, зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида ташкил этиш ва ҳар бир қарорни аниқ мезонлар асосида қабул қилиш учун янада мустаҳкам механизм шаклланмоқда. Бу ташаббуснинг замирида эса жуда оддий, аммо ниҳоятда улуғ мақсад бор: она соғ-саломат бўлса — оила бахтли, бола соғлом туғилса — жамиятнинг эртанги куни ишончли бўлади.
Президентимиз томонидан инсон қадри, унинг ҳаёти ва саломатлигини энг олий қадрият сифатида белгилаб берилган сиёсат Бухорода ҳам ана шундай аниқ ва амалий ишлар билан намоён бўлмоқда.
Акушерлик маслаҳат Кенгаши — бу шунчаки янги тузилма эмас. Бу бир қарор ортида она тақдири, бир ташхис ортида чақалоқ ҳаёти, бир дақиқа ортида эса бутун бир оиланинг келажаги турганини чуқур англаган масъулиятли тиббий ёндашувдир. Зеро, тиббиётнинг энг катта ютуғи фақат касалликни даволаш эмас, балки бир она ва бир боланинг ҳаётини асраб қолиш, уларга соғлом ва бахтли келажак эшигини очиб беришдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири