БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан аёллар саломатлиги бўйича ҳамкорлик кучайтирилади
Юртимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари – БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ижрочи директори Диене Кейта бошчилигидаги делегация Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди.
Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур муассасада Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов мартабали меҳмон билан учрашди.
Қайд этилганидек, UNFPA Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини яқиндан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, 2021-2025 йилларга мўлжалланган “Мамлакат дастури” доирасида оналик ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга 12 млн. АҚШ доллари йўналтирилган.
Натижада мавжуд 231 та перинатал муассаса 3 500 та замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланди. Шунингдек, ҳамкорликда 17 минг нафар тиббиёт ходими ўқитилди, 30 дан ортиқ клиник протокол ва қўлланмалар янгиланди.
Репродуктив ёшдаги аёлларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, туғилажак болалар саломатлигини назорат қилиш мақсадида ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Пировардида мамлакатимизда оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичи кескин пасайишига эришилди. Бу борада Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳам салмоқли ўрни бор.
Бугунги кунда ушбу марказ ва унинг бир нечта ҳудудий филиали халқаро аккредитациядан ўтган бўлиб, бу аёллар ва гўдакларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатига берилган юқори баҳодир.
Мулоқот давомида ушбу ташриф Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда UNFPA ўртасидаги конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириши айтиб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, антенатал парваришни такомиллаштириш, акушерлик амалиётига илғор даволаш протоколлари ва стандартларини жорий этишга келишиб олинди.
Шунингдек, аёллар ўртасида саратонни эрта аниқлаш дастурларини кенгайтириш, замонавий диагностика ёндашувларини татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ўсмирлар ва ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича маърифий, профилактик ва таълим дастурларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда давлатимиз раҳбарининг яқинда имзоланган соҳага оид тегишли фармонида клиник аудит бўйича мустақил инспекция ташкил этиш белгилангани алоҳида урғуланди.
Шу муносабат билан акушерлик амалиётидаги критик ҳолатлар аудити ҳамда оналар ўлими ҳолатларини махфий текширишга оид қўлланма ва йўналишларни ушбу аудит жараёнига интеграциялашда UNFPA билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлиги билдирилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА