Буюк ижодкор ортидаги қаҳрамон
Инсон ҳаётида оила муҳим аҳамиятга эга. Муваффақиятлар калити ҳам айнан унда мужассам. Баркамол фарзандлар тарбиялаш, фаровон турмуш кечириш ота-оналарнинг энг ширин ташвиши. Бежизга: “ҳар қандай муваффақиятли эркак ортида матонатли аёл ҳиссаси ётади”, дейилмайди. Худди шундай, аёл юзидаги ҳақиқий табассум учун эркак бор-будини аямайди. Умуман олганда, шу тариқа мустаҳкам оила шаклланади.
Бироқ бу жараён ижодкорлар учун янада муҳим.
Чунки унинг руҳияти, шахсияти оддий одамлардан бошқача. Ана шундай “бошқа дунё одами” бўлган ижодкорлардан бири йирик адиб, рус ёзувчиси Фёдор Достоевскийдир.

Унинг ижодий муваффақиятида турмуш ўртоғи Анна Достоевская улкан аҳамият касб этади. Анна ҳақиқий матонат ва катта қалб эгаси бўлган.
Ф.Достоевскийнинг аёли вафот этган, ҳаёт тарзи мураккаб ҳолга келиб улгурган эди. Катта миқдорда қарзга ботган ёзувчи нашриётлар билан тузилган шартномаларни бажаришга ҳам кўзи етмай қолганди. Бироқ шу вақтда ёзувчига машинист қиз ёрдамга келди. Бу, Анна эди. Шу ёшгина беғубор қизалоқ Достоевскийдаги ҳали ҳеч ким англамаган буюк истеъдодни англади.
Неажабки, у ёши бир жойга бориб қолган Достоевскийни эмас, балки улуғ қалб ва улкан истеъдодни танлаган бўлса.
Гарчанд, уларнинг ҳаёти моддий етишмовчиликлар билан ўтган бўлса-да, Аннанинг руҳи сокин, қалби ҳаловатда эди. Буни у ўз хотираларида батафсил ёзиб қолдирган. Жаҳон адабиётидаги ноёб дурдоналардан бири бўлган “Жиноят ва жазо” романи ҳам айнан Аннанинг ҳиссаси билан дунё юзини кўрган.
Хулоса қилиб айтганда, ижодкорнинг инжиқ руҳияти, беқарор ҳаёти ва ўзгарувчан қалби билан яшаш ҳеч бир аёлга осон эмас. Бунга фақат адабиётни севган, ўз умрини унга бахш этишга рози бўлган аёлларгина қодир. Анна Достоевская ҳам ана шундайлардан эди.
Ёш қизини 40-50 ёш атрофидаги Достоевскийга беришга рози бўлган, қизининг олийжаноб қарорини ҳурмат қилган Аннанинг онаси ҳам таҳсинга сазовор. Эҳтимол, бугунги кундаги истеъдодларнинг муносиб порламаётганига ана шундай аёллар етишмаётгани сабаб бўлаётгандир. Аммо адабиётга ўз ҳаётини бахшида қилган Анна Достоевская барчага ўрнак бўлса, неажаб.
Шербек Исломов,
ЎзА