Жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорлик йўлидаги амалий ишлар
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, полковник Диёрбек Сатторов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳам мутлақо янги ёндашувлар асосида ташкил этилмоқда. Айниқса, маҳаллабай ишлаш тизими, профилактика тадбирларини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш каби йўналишлар ўз самарасини бермоқда.

Дастлаб Ишчи гуруҳ томонидан Қизилтепа туманидаги тезкор-профилактик вазият таҳлил қилинди. Туманда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги ишлар таҳлил қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
“Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашувда эса маҳалла еттилиги, фаоллар ва нуронийлар билан суҳбатлашилиб, оилавий муаммоларни барвақт аниқлаш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда профилактик чораларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ҳам ўрганилди. Корхоналарда аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди. Айниқса, пробация назоратида турган фуқароларнинг бандлиги таъминланаётганлиги уларни жамиятга мослаштириш ва қайта тарбиялашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.


Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти халқ манфаатларига хизмат қиладиган, очиқ ва самарали тизимга айланиб бормоқда. Бу эса юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири