Хорижда магистратура ёки докторантурада ўқиш бўйича грант ютганда ходимнинг лавозими сақлаб қолинади
Кўп ҳолларда давлат фуқаролик хизматчиси хорижий таълим муассасаларида ўқиш учун кетганида унинг иш жойи сақлаб қолинмаяпти ва у қайтиб келганда ишсиз қолаяпти. Амалдаги қонунчиликда ҳам давлат фуқаролик хизматчиси хорижий таълим муассасаларида ўқиш учун грант ютган тақдирда, унинг иш жойи ва лавозимини сақлаш бўйича ҳуқуқий кафолатлар мавжуд эмас.
Эндиликда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат фуқаролик хизматчисининг касбий малакасини ошириш кафолатларини белгилашга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан давлат хизматчиси нуфузли хорижий таълим муассасасига магистратура ёки докторантурага ўқиш бўйича грант ютганда, иш берувчининг ёзма розилиги асосида унинг иш ўрни (лавозими) сақланиши таклиф этилмоқда. Бунда асосий шарт — танланган ўқув йўналиши ходим ишлаётган давлат органи фаолиятига бевосита боғлиқ бўлиши лозим.

Шунингдек, лойиҳада ўқув дастури якунлангандан сўнг давлат фуқаролик хизматчиси зиммасига тегишли давлат органи тизимида хорижда таҳсил олиш даврига тенг муддатда ишлаб бериш мажбурияти юкланмоқда.
Давлат фуқаролик хизматчисининг хорижда ўқиш даври унинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши, кўп йиллик хизмати учун ҳар ойлик устама белгиланиши ҳам белгиланяпти.
Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси мажлисида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади ва масъуллар томондан тегишли жавоблар қайтарилди.
Таъкидланганидек, ҳужжат лойиҳаси давлат фуқаролик хизматчиларини янада қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш, давлат органлари ва ташкилотларида профессионал ва салоҳиятли кадрлар қатламини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА