БМТ қароргоҳида Ўзбекистондаги ислоҳотлар халқаро жамоатчиликка тақдим этилди
БМТнинг Женевадаги қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди.
БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтган тадбирда Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Р.Ҳакимов ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков маъруза қилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг Матбуот хизмати маълум қилди. Маърузаларда Президентимизнинг мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган устувор йўналишлар, 7 та миллий дастур ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти хусусида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, сўнгги ўн йилда иқтисодий, ижтимоий ва институционал соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, барча йўналишларда эришилган кўрсаткичлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Сиёсий-ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, парламентнинг роли ва назорат ваколатларини кучайтириш, маҳаллий вакиллик органларининг ўрнини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциянинг аҳамиятига алоҳида урғу берилди.

Шу билан бирга, тадбирнинг марказий мавзуларидан бири “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига бағишланди. Стратегияда инсон капиталини ривожлантириш, таълим ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги асосида трансформация қилиш, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини кучайтириш каби устувор вазифалар белгилангани таъкидланди.
Якунда Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият ўртасидаги мулоқотни янада чуқурлаштириш, парламентлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва илмий доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, ушбу мулоқот Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг устувор мақсадларини халқаро жамоатчилик билан муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлгани эътироф этилди.
Муҳтарама Комилова тайёрлади. ЎзА