Байроғимизда миллий қадриятлар, тинчлик, истиқболга ишонч мужассам
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Жойларда қатор тадбирлар, давра суҳбати ва маънавий-маърифий кечалар ташкил этилмоқда.
Жумладан, сана муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Ёшлар қаноти фаоллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари иштирокида парламент қуйи палатасида “Байроғимиз — миллий ғурур ва ифтихоримиз!” шиори остида тадбир ўтказилди.
Ёшларда Ватанга муҳаббат, давлат рамзларига ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда иштирокчиларни парламент фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда байроғимизнинг тарихий аҳамияти ҳақида сўз борди.
Иштирокчилар байроғимизда мужассам бўлган миллий қадриятлар, тинчлик, эзгулик ва истиқболга ишонч ғоялари ҳақида сўз юритди. У мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз ва халқимизнинг буюк келажакка интилишини ифода этувчи муқаддас рамз экани таъкидланди.

Тадбирда экологик хавфсизликни таъминлаш, ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий лойиҳаларга кенг жалб этиш ҳамда парламент фаолиятидаги иштирокини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Экопартия фракцияси аъзолари бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳамда халқаро майдонда Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари ҳақида маъруза қилиб, ёшларнинг экологик муаммоларга нисбатан масъулият билан ёндашиши зарурлигини қайд этди.
Тадбир давомида ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси билан танишиб, парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳақида маълумотларга эга бўлди.
М.Комилова,
ЎзА