Бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича вазирлик ахбороти эшитилди
Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш соҳалар тараққиёти ва аҳоли фаровонлигида муҳим аҳамиятга эга. Бу борада барча вазирлик, идора ва ташкилотларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Адлия вазирлигининг “2026 йилда бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли интикаторлари бажарилиши, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсатгичларга эришиш ҳамда маблағларнинг сарфланиш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Эшитувда белгиланган мақсадли индикаторларга эришиш даражаси, адлия органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар сифати муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, вазирлик томонидан ҳисобот даврида ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича стратегик мақсадларни амалга ошириш учун ажратилган маблағнинг 240,1 миллиард сўми, яъни 85 фоизи ўзлаштирилган. Вазирлик зиммасига юклатилган 14 та мақсадли индикаторнинг йиллик ижроси ўртача 2 баробардан ортиқ бажарилган, 1 та индикатор бўйича ижро 50 фоиздан ошмаган.
Муҳокамаларда айрим мақсадли кўрсаткичлар, хусусан, давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, давлат хизматлари марказлари хизматларидан фойдаланувчилар қамровини кенгайтириш, ҳуқуқий тарғибот ишларининг самарадорлигини ошириш, адвокатлик фаолият тури билан шуғулланишга бўлган тўсиқларни олиб ташлаш ҳақидаги қонунчилик таклифларини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобига аниқ натижаларга эришиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Бюджет маблағлари самарадорлигини баҳолашда фақат статистик кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасдан, уларнинг амалий таъсирига эътибор қаратиш, таҳлил қилиб бориш зарурлиги айтиб ўтилди.
М.Комилова,
ЎзА