Иқтисодиётда давлат улуши камайиб, хусусий сектор мавқеи мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 августдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони иқтисодиётда давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар сонини қисқартириш, хусусий секторга кенг имконият яратишда муҳим ҳужжат бўлди.
Фармонга кўра, хусусийлаштириш бўйича бир қатор енгилликлар тақдим этилмоқда. Жумладан, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда аванс тўлови 15 фоиз миқдорида ва уни тўлаш муддати 30 календарь кун этиб белгиланади ҳамда қолган суммани қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Мазкур фармонда кўзда тутилган вазифалар, умуман, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, хусусийлаштириш самараси ҳудудлар тараққиётида қандай акс этишини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси Отабек Мусулмонов батафсил шарҳлаб берди:
— Ҳудудларда инвестиция фаоллигини ошириш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва янги иш ўринлари яратишда ер ҳамда давлат мулкидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 августдаги фармонида назарда тутилган чоралар айнан шу масалаларнинг амалий ечимига қаратилган.

Хусусан, ер участкаларини «тайёр пакет» асосида савдога чиқариш тартиби инвесторлар учун қулайлик яратади. Бунда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш техник шартлари ва қурилишга оид зарур ҳужжатлар олдиндан тайёрланади. Тадбиркор учун ерни харид қилишнинг ўзи етарли эмас, у ерда ишлаб чиқаришни қанчалик тез бошлай олиши ҳам муҳим. Шу сабабли мазкур тартиб ортиқча оворагарчилик ва харажатларни камайтириб, ҳудудларда янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши мумкин.
Фармон давлат иштирокидаги корхоналар ва банклар тасарруфидаги активлардан оқилона фойдаланиш, маъмурий биноларни жойлаштиришни мақбуллаштириш ҳамда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш масалаларини ҳам қамраб олган. Бунда асосий мақсад мулкни бир қўлдан иккинчи қўлга ўтказиш эмас, балки иқтисодий ресурсларни самарали ишлата оладиган муҳитни шакллантиришдир. Албатта, хусусийлаштиришнинг кутилган натижасига эришиш учун мулк ҳуқуқи ҳимояси, очиқ рақобат ва инвестор олган мажбуриятларнинг бажарилиши ҳам таъминланиши зарур.
Бу ислоҳотларни фақат савдодан тушадиган маблағ билан баҳолаш тўғри бўлмайди. Давлат активини сотиш бир марталик тушум келтиради. Унинг барқарор иқтисодий самараси эса объектнинг кейинги фаолиятида ишлаб чиқариш ҳажми, хизматлар кўлами, солиқ тушумлари ва аҳоли бандлигида намоён бўлади. Демак, хусусийлаштирилган ҳар бир объект бўйича «сотилди» деган натижадан кўра «ишга тушди, инвестиция киритилди, иш ўрни яратилди» деган натижа аҳамиятлироқ.
Фармонда аввалги хусусийлаштириш дастурлари доирасида тузилган шартномаларга тегишли қўллаб-қувватлаш чораларини татбиқ этиш имконияти ҳам назарда тутилган. Бу амалдаги лойиҳаларни давом эттиришда тадбиркорларга енгиллик бериши мумкин. Айни пайтда бундай чоралар ҳар бир шартноманинг ҳуқуқий ҳолати ва белгиланган талаблар асосида қўлланиши, масъул идоралар эса ортиқча бюрократик тўсиқларга йўл қўймаслиги лозим.
Депутат сифатида мен учун энг муҳим масала ушбу қарорларнинг жойлардаги ижроси ва одамлар ҳаётига таъсиридир. Фармонда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига масъул ташкилотлар ҳисоботларини эшитиб бориш тавсия этилган. Бундай муҳокамаларда қанча объект сотилганидан ташқари, уларнинг нечтаси фаолият бошлагани, қанча сармоя жалб қилингани, нечта иш ўрни яратилгани ва инвесторлар қандай муаммоларга дуч келаётгани ҳам таҳлил қилиниши керак.
Айниқса, ҳудудларда электр, газ, сув ва йўл инфратузилмаси, ҳужжатларни расмийлаштириш ёки қурилиш жараёнларидаги кечикишлар каби масалалар депутатлик назоратидан четда қолмаслиги лозим. Кенгашлар масъул идоралар ахборотини эшитиш билан чекланмай, аниқ муаммоларнинг ечими ва кўрилган чоралар натижасини ҳам кузатиб бориши мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда савдоларнинг очиқлиги, иштирокчилар учун тенг шароит ва жамоатчилик манфаатлари устувор бўлиши шарт.
Хулоса ўрнида айтганда, юқоридаги Президент фармонида белгилаб берилган имкониятларнинг ҳақиқий қиймати уларнинг амалий натижасида кўринади. Бўш турган бино ишлайдиган корхонага, фойдаланилмаётган ер даромад келтирадиган лойиҳага айланса, бундан нафақат инвестор, балки бутун ҳудуд манфаат кўради. Шунинг учун хусусийлаштириш самарасини сотилган мулклар сони билан эмас, улар орқали яратилган иш ўринлари, иқтисодий фаоллик ва аҳоли фаровонлиги билан ўлчаш муҳим.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА