Блогерлар “бозори” қандай ишлаши керак?!
Пандемия давридан сўнг блогерлик оддий қизиқиш ёки ҳобби эмас, балки катта иқтисодий кучга айланган янги медиа соҳаси ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларнинг кенг оммалашуви натижасида реклама бозори ҳам анъанавий телевидение ва матбуотдан аста-секин интернет платформаларига ҳам кўчмоқда. Эндиликда минглаб, ҳатто миллионлаб кузатувчиларга эга блогерлар корхоналар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва турли брендлар учун асосий реклама воситасига айланмоқда.
Ўзбекистонда ҳам бу йўналиш сўнгги йилларда жадал ривожланиб бормоқда. Инстаграм, телеграм, YouTubе ва ТikТоk платформаларида фаолият юритаётган блогерларнинг аудиторияси миллионлаб фойдаланувчиларни қамраб олмоқда. Шу билан бирга, реклама сторислари, пуллик постлар, бартер асосидаги ҳамкорликлар ва турли тижорат лойиҳалари орқали катта даромад шаклланмоқда. Бироқ соҳанинг шу даражада тез ривожланиши унинг ҳуқуқий ва солиқ тизими билан уйғунлашувини ҳам долзарб масалага айлантирди.
Блогерлар фаолиятини чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш доирасида ушбу соҳанинг энг фаол 110 нафар вакиллари рўйхати Солиқ қўмитаси томонидан шакллантирилди. Таҳлиллар натижасида улардан 55 нафари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида, 22 нафари эса оддий жисмоний шахс мақомида фаолият юритаётгани аниқланди. Ушбу кўрсаткичлар блогерлик фаолиятининг реал иқтисодий ҳажми билан уларнинг ҳуқуқий мақоми ўртасида сезиларли тафовут мавжудлигини кўрсатмоқда.

Аслида, блогерлик аллақачон профессионал фаолиятга айланган. Реклама шартномалари, контент ишлаб чиқариш, монтаж, дизайн, администраторлар билан ишлашнинг барчаси кичик медиа-бизнес кўриниши демакдир.
Аммо айрим блогерлар ҳали ҳам расмий тадбиркор сифатида фаолият юритмаётгани солиққа оид масалаларда муаммоларни юзага келтирмоқда.
Солиқ қўмитаси томонидан 3 миллиондан ортиқ обуначига эга 6 нафар топ-блогер фаолияти алоҳида ўрганилди. Маълумотларга кўра, 2025 йил давомида улар томонидан 360 та сторис реклама жойлаштирилган. 184 та реклама пости эълон қилинган ва ўртача ҳисобда ойига 5 тадан реклама сториси жойлаштирилган.
Электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали тақдим этилган расмий маълумотларга кўра, ушбу блогерларнинг умумий даромади 2,7 миллиард сўмни ташкил қилган. Бюджетга эса 110,4 миллион сўм солиқ тўланган.
Бу рақамлар бир қарашда катта кўриниши мумкин. Бироқ реклама бозоридаги ҳақиқий нархларни ҳисобга олганда, экспертлар яширин ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган даромадлар ҳажми бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Чунки ҳозирги кунда айрим машҳур блогерларнинг битта реклама сториси ёки пости учун оладиган ўртача даромад оддий ходимнинг бир неча ойлик маошига тенг бўлиши мумкин. Айниқса бартер рекламалари (яъни, хизмат ёки маҳсулот эвазига реклама қилиш амалиёти) даромадларни аниқ ҳисоблашни янада мураккаблаштиради.
Аслида блогерларни жазолаш эмас, балки янги иқтисодий секторни қонуний тизимга олиб кириш жараёнининг бошланиши сифатида баҳолашимиз мумкин. Чунки, реклама бозори кундан-кунга кенгайиб интернет орқали савдо ва хизматлар ортмоқда. Блогерларнинг аудиторияга таъсири ҳам анчайин кучайган. Бу эса яширин иқтисодиёт улуши юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Рақамли медиа даври кундан-кунга ривожланиб бораётгани блогерлик соҳасини шунчаки контент яратиш эмас, балки катта иқтисодий тизимнинг бир қисмига айланишига сабаб бўлмоқда. Миллионлаб аудиторияга эга саҳифалар реклама бозорига, истеъмолчилар танлови ва жамоатчилик фикрига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан, бу фаолиятнинг қонуний ва шаффоф бўлиши табиий талаб ҳисобланади. Солиқ тўлаш эса нафақат мажбурият, балки иқтисодий тизимдаги масъулият ҳамдир.
Энг муҳими, ҳозирги муҳокама жараёнлари блогерлар ва давлат органлари ўртасидаги қарама-қаршилик эмас, балки янги рақамли иқтисодиёт учун умумий қоидаларни шакллантириш жараёни сифатида аҳамият касб этиши керак. Агар бу тизимни бошиданоқ тўғри йўлга қўя олсак, блогерлик соҳаси мамлакат иқтисодиётининг шаффоф ва ривожланган тармоқларидан бирига айланиши мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА