Халқаро конференцияда ҳамширалик таълимининг долзарб йўналишлари кўриб чиқилди
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда ҳамширалик таълимини халқаро стандартлар даражасида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада илғор тажрибаларни жорий этиш, рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш ва малакали кадрлар тайёрлаш муҳим.
12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Ҳамширалар академиясида “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш шароитида олий ҳамширалик таълимини ривожлантириш ва трансформация қилиш: тайёрлашнинг янги моделлари, профессионал компетенциялар, рақамлаштириш ва ҳамширанинг роли” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Мазкур нуфузли анжуманда республика ва халқаро миқёсдаги олимлар, профессор-ўқитувчилар, тиббиёт соҳаси мутахассислари ҳамда ҳамширалик касби вакиллари иштирок этди.
Конференция давомида замонавий ҳамширалик таълимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, ҳамшираларни тайёрлашнинг инновацион ва амалиётга йўналтирилган янги моделлари, профессионал компетенцияларни ривожлантириш ҳамда лидерлик кўникмаларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги ҳамширадан нафақат тиббий билим, балки замонавий технологияларни билиш ва инсонпарварлик фазилатларини ўзида мужассам этиш ҳам талаб этилади.
Тадбирда соғлиқни сақлаш тизимига рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш, симуляцион таълим, электрон платформалар ҳамда замонавий ўқув методикаларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция доирасида илмий фикр алмашинуви, истиқболли лойиҳалар ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА