Сифатли тиббий хизмат – долзарб вазифа
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Ғозғон шаҳар кенгаши томонидан Тиббиёт бирлашмасида фаолият олиб бораётган ҳамширалар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда партиядан халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайланган депутат Муҳаррам Эргашева тиббиёт муассасасида беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, ходимларнинг беморлар билан муомала маданияти, хизмат кўрсатиш жараёнида масъулият ва эътиборни янада ошириш зарурлигини таъкидлади.
– Партиямизнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида давлат томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини жорий этиш белгиланган, – дейди М.Эргашева. – Шунингдек, дастуримизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг муҳим омилларидан бири сифатида кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 – 2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор асосида болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш, малакали тиббий хизмат кўламини кенгайтириш, аҳоли, айниқса, оилалар ўртасида тиббий маданият ва профилактика ишларини кучайтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада тиббиёт ходимлари, жумладан, ҳамшираларнинг масъулияти ва фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этади.
Учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири