Битирувчи талабалар ишга жойлашмоқда
Навоий давлат университети талабалари ва битирувчиларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликда “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Жорий йилда Навоий давлат университетини 5288 нафар талаба тамомламоқда. Уларнинг 101 нафари магистратура йўналишида таҳсил олади. Айни пайтда 2180 нафар битирувчи курс талабалари бир вақтнинг ўзида таълим олиш билан биргаликда иш фаолиятини ҳам давом эттирмоқда.

– Университетимиз вилоятдаги ўқитувчи педагог кадрлар тайёрлайдиган ягона олий ўқув юрти бўлиб, хусусан, мактабгача ва мактаб таълими, профессионал таълим, маданият, спорт ва олий таълим муассасалари учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлайдиган ўзига хос илмий марказ вазифасини ўтаб келмоқда, – дейди олийгоҳ ректори Муҳиддин Калонов. – Кейинги йилларда университетни замонавийлаштириш, таълим сифатини ошириш, ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланиш, билим бериш, илмий фаолиятга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилда университет бош биносида “Келажакка қадам” маркази ташкил этилди. Бу эса университетда ўз бизнес ғояларини амалга ошириш истагида бўлган битирувчи талабаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

– Мен университетнинг инглиз тили таълими йўналишининг 4-босқичида таълим оламан. Жорий йилда тугатаман, – дейди Ахмерей Тажибаева. – Бугунги тадбирда иштирок этиб, Конимех тумани, Қўшқудуқ овулида жойлашган 33-мактабга ишга жойлашиш бўйича келишувга эришдим. Университет дипломини олгач, мактабга бориб, ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бераман.

Тадбирда 100 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этди. 2 минг нафардан ортиқ талаба иштирок этган меҳнат ярмаркасида 217 нафар битирувчи талаба билан ишга қабул қилиш бўйича келишиб олинди.
“Карьера куни” меҳнат ярмаркаси якунида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил қилиниб, талабаларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири