Андрей Бистрицкий: Медиа жамиятни бирлаштирувчи муҳим кучга айланмоқда
Тошкентда бўлиб ўтаётган III Ўзбекистон – Россия медиа форумида РФ “Олий иқтисодиёт мактаби” миллий тадқиқот университети Креатив индустрия факультети декани Андрей Бистрицкий икки давлат маданий-маърифий алоқалари, миллий ўзликни англаш ва замонавий медианинг жамият ҳаётидаги ўрни хусусида фикр билдирди.
Таъкидланишича, бугунги тезкор ўзгаришлар шароитида миллий ўзликни англаш, тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Инсон ўзини қайси маданият ва қадрият билан боғлаши, миллий ўзлигини қандай англаши замонавий жараён таъсирида ўзгариб бормоқда.

Бистрицкий Ўзбекистон – Россия тарихий-маданий мулоқотини ривожлантиришда медиа имкониятига алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, бугун ОАВ шунчаки ахборот алмашиш эмас, балки жамиятни бирлаштириш, турли гуруҳлар ўртасида алоқани шакллантириш ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш воситасига айланмоқда. Шу маънода медиа икки мамлакат халқлари ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш, умумий тарих ва маданий меросни теранроқ англаш, шунингдек замонавий Ўзбекистон ва Россия ҳақида холис тасаввур шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Россия III медиа форуми Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА