Ўзбекистон маҳсулотлари Шанхай халқаро импорт кўргазмасида намойиш этилди
Шанхай шаҳрида IX Хитой халқаро импорт кўргазмаси (CIIE 2026) бўлиб ўтмоқда. Жаҳон иқтисодиётининг энг нуфузли ва йирик савдо-иқтисодий платформаларидан бири бўлган ушбу тадбир бу йил ҳам дунё давлатлари қаторида Ўзбекистон учун ҳам ўз экспорт салоҳиятини намойиш этиш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
«Made in Uzbekistan» бренди остида ташкил этилган миллий павильонда мамлакатимизнинг етакчи тармоқлари билан бир қаторда, ўзбек миллий маданияти ва қадриятларини ўзида мужассам этган ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳам хорижлик инвесторлар ва харидорлар эътиборини тортмоқда. Хусусан, юртимиздан ташриф буюрган тўрт нафар маҳоратли ҳунарманднинг иштироки ўзбек амалий санъатининг жаҳон бозоридаги нуфузини яна бир бор намойиш этмоқда.

Мазкур халқаро кўргазма 162 та давлат, ҳудуд ва халқаро ташкилот вакилларини, 4 минг 142 та хорижий компанияни бирлаштирган йирик халқаро савдо майдони ҳисобланади. Кўргазмада ҳунармандларимиз миллий ҳунармандчилик намуналари, асрлар давомида шаклланиб келган анъаналаримиз ва халқимизнинг бой маданий меросини халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА