Юлиана Слашчёва: Ўзбекистон ва Россия анимация соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантиради
Ўзбекистон ва Россия медиа вакиллари иштирокидаги форумда “Союзмультфильм” киностудияси кенгаши раиси Юлиана Слашчёва икки мамлакат ўртасида анимация соҳасидаги ҳамкорликни тиклаш ва янги лойиҳалар амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. “Союзмультфильм” келгусида турли маданий лойиҳалар учун контент яратиш йўлида ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Мутахассис студиянинг Ўзбекистон билан тарихий алоқаларини эсга олди. 1941-1945 йиллари бир муддат Тошкент ва қисман Самарқандда фаолият юритган “Союзмультфильм”да 1965 йил ўзбек халқ эртаги асосида Афанди ҳақида мультфильм яратилган. Шу йили “Ўзбекфильм”да илк қўғирчоқ мультфильми 6х6 квадрат услубида тайёрланган. 1979 йил эса икки студия ҳамкорлигида “Насриддин ва унинг эшаги” мультфильми суратга олинган.

Слашчёва хоним бугун ушбу ҳамкорликни давом эттириш, ўзбек халқ эртаклари, афсона ва ривоятлари асосида қўшма анимацион лойиҳа яратиш учун имконият мавжудлигини қайд этди. Унинг фикрича, анимация тил ва чегарани осон кесиб ўтадиган универсал санъат тури. Яъни, бу анъанавий тажрибани янги технология ва ёш ижодкорлар ғояси билан уйғунлаштириш муҳим.
Шунингдек, РФ вакили “Союзмультфильм”нинг машҳур қаҳрамонлари тимсолида сериал, бадиий фильм, компьютер ва мобил ўйинлар, комикс ҳамда бошқа маҳсулотлар яратилаётганини айтди. Бу тажриба ўзбек анимациясида ҳам миллий эртак ва афсона қаҳрамонларига янги ҳаёт бағишлаш учун қўл келиши мумкин.
Меҳмон Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишгани ҳақида гапирар экан, мажмуада тарих ва маданият интер фаол усулда, содда ва тушунарли тақдим этилганини юқори баҳолади.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА