Биринчи ўзбeк киноопeратори, киноактёри ва актрисаси ёхуд тарихимиздаги биринчиларни биласизми?
Ўтган галги мақолада биринчи ўзбек профессори, биринчи археолог, биринчи матбаачи ва ношир, биринчи адвокат каби Ватанимиз тарихида ушбу номга биринчи бўлиб сазовор бўлганлар ҳақида сўз юритгандик. Бу сафар санъат соҳасидаги ана шундай биринчилар ҳақида маълумот бермоқчимиз.
Ўтган галги мақолада биринчи ўзбек профессори, биринчи археолог, биринчи матбаачи ва ношир, биринчи адвокат каби Ватанимиз тарихида ушбу номга биринчи бўлиб сазовор бўлганлар ҳақида сўз юритгандик. Бу сафар санъат соҳасидаги ана шундай биринчилар ҳақида маълумот бермоқчимиз.
БИРИНЧИ ЎЗБEК КИНООПEРАТОРИ
Хива хонлари саройидаги муҳтарам зотларни, турли тўю-томошаларни суратга туширган немис фотографи Вилгелм Пеннерни маҳаллий халқ Панор бобо деб атарди. Ундан саройда мунший (котиб) ҳамда табиб вазифасида ишлайдиган Нурмуҳаммаднинг ўғли Худойберган суратга олишни ўрганди.
1878 йилда Хивада туғилган Худойберган Девонов шу тариқа ёшликдан сураткашлик қила бошлади. Унинг кейинчалик биринчи ўзбек кинооператорига айланишини ўзи ҳам билмаган бўлса керак.
Тарихий маълумотларга кўра, 1907 йил охирларида бош вазир Исломхўжа, валиаҳд Асфандиёр ҳамда Худойберган Девоновдан иборат махсус делегация Москва, Петербург шаҳарларида икки ой давомида фан-техника янгиликлари билан танишади. Айни шу вақтда у Хива элчиларининг, Николай подшо билан учрашув пайтини бир неча марта суратга олган.
Сафар чоғида у Исломхўжадан рухсат олиб, бироз муддат Россияда қолди ва кино ишлаш сирларини ўрганди. 1908 йилда Россиядан «Pathe Freres» кинокамераси, граммофон, телескоп ва бошқа зарур анжомларни Хивага олиб келди.
Шу тариқа Ўрта Осиёда биринчи марта кинофотолаборатория ташкил этди. У суратга олган биринчи кинолавҳа “Халқ сайиллари” деб аталиб, унда ХХ аср бошларидаги Хоразм воҳаси ҳаёти акс этган.
Худойберган ҳеч кимга сездирмай Хива шаҳридаги катта ва баланд иморату минораларга чиқиб, шаҳар манзарасини кадрларга туширди. 1913 йили Ўрта Осиё бўйлаб сафарга чиқиб, “Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари”, “Хива ва хиваликлар” каби ҳужжатли кинофильмлар яратди. Ўз фильмларида ватанпарварлик, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурди.
Худойберган Девонов Хивада кино ва фото устахонаси очиб, ёшларга шу касб сирларини ўргатди. Кейинроқ меҳнат фаолиятига 25 йил бўлгани ва 13 шогирд етиштиргани муносабати билан 1928 йил унга “Тақдирнома”, яъни “Фахрий ёрлиқ” берилган.
БИРИНЧИ ЎЗБEК КИНОАКТЁРИ

Ўзбек кино санъатининг асосчиларидан бири бўлган Сулаймон Хўжаев 1893 йилда Тошкентда туғилган. У биринчи ўзбек киноактёри, сценарийнавис, кинорежиссёр сифатида ном қолдирди. Сулаймон Хўжаев адабиётшунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳамид Сулаймоновнинг отаси.
1927–1932 йилларда Москвадаги кинематография институтида ўқиган. Бунга қадар 1916–1917 йилларда “Турон” театр труппаси спектаклларида артист сифатида қатнашган. Кейинроқ “Беҳбудий” мактабида ўқитувчилик ҳам қилган.
У ХХ аср 20-йилларининг иккинчи ярми – 30-йилларнинг бошларида яратилган дастлабки ўзбек фильмлари: “Равот қашқирлари”, “Чачвон”, “Сўнгги бек”, “Авлиё қизи”, “Тонг олдидан” фильмларида артист сифатида иштирок этган. Сценарий муаллифи, режиссёр ассистенти, ва ҳатто, режиссёрлик ҳам қилган.
Жиззах қўзғолонига бағишланган “Тонг олдидан” фильмида 1916 йилги халқ қўзғолонининг шафқатсиз бостирилиши ҳаққоний тасвирланган.
Асарда Сулаймон Хўжаев овозсиз кинонинг барча тасвирий-эмоционал имкониятларидан моҳирона фойдалана олувчи, монтаж санъатини эгаллаган етук ижодкор эканини намойиш этган.
У навбатдаги фильмни суратга олиш пайтида, 1934 йилда ҳибсга олиниб, 6 йиллик жазо муддатини ўташ учун “Малик” лагерига юборилган. Кўп ўтмай, аксил-шўровий тарғиботда айбланиб, ўша ерда отиб ташланган.
БИРИНЧИ ЎЗБEК АКТРИСАСИ

1911 йилда Тошкентда туғилган Турсуной Саидазимова биринчи ўзбек актрисаси сифатида танилди. У ўн тўрт ёшида ҳаваскорлар труппасига қўшилади. Ўша вақтда республика ҳукумати ўзбек театрининг кейинги тараққиётини ўйлаб актёрларни сабоқ олиш мақсадида Москвага юборади.
Шу тариқа у 1924–1927 йилларда Москва ўзбек драма студиясида ўқийди. 1927 йилдан Ўзбек драма труппасида актрисалик фаолиятини бошлайди.
Қисқа умри давомида ўзбек ва чет эл драматургиясидан ёрқин образлар яратди: Николай Гоголнинг “Ревизор”ида Мария Антоновна, 1927 йилда Карло Готссининг “Маликайи Турандот” асарида Турандот, Карло Голдонининг “Икки бойга бир малай” комедиясидаги Клариче образлари шулар жумласидан.
Турсуной Саидазимова Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” мусиқали драмасида Ҳалима образини яратиш билан ўзбек мусиқали саҳна ижрочилигида янги саҳифа очди. У бу спектаклда мусиқали драма жанрида илк бор драматик ва вокал (ашула) компонентларини бир-бири билан уйғунлаштирган ҳолда образ психологиясини, унинг ички дунёсини чуқур очишга эришди.
Тақдир тақозоси билан унинг ҳаёти фожиали якун топди. 1928 йилнинг 10 майида 17 ёшида Бухородаги гастроль сафари чоғида ўз турмуш ўртоғи томонидан ваҳшиёна ўлдирилди. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий унга атаб “Турсуной марсияси”ни яратган.
Ўзбекистон Республикаси кино, сурат ва овозли ҳужжатлар Марказий давлат архивида Ўзбекистон халқ артисти Саъдихон Табибуллаевнинг Турсуной Саидазимова билан Москва ўзбек драма студиясида бирга ўқиган йиллари ҳақидаги фонохотиралари сақланмоқда.
БИРИНЧИ ЎЗБEК РАҚҚОСАСИ

1928 йилдан Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги концерт-этнографик ансамблида раққоса бўлиб ишлаган Нурхон Йўлдошхўжаева 1913 йилда Марғилонда таваллуд топган. У профессионал театр соҳасига кириб келган биринчи ўзбек раққосаси ҳисобланади.
Афсуски, унинг профессионал фаолияти узоққа чўзилмайди. Ансамблнинг Марғилонга қилган гастроли вақтида, 1929 йилнинг 1 июлида у акаси томонидан вахшиёна ўлдирилади. Ўша йили “Янгийўл”нинг 7-сонида “Нурхон бўғизланди” деган мақола босилганди.
Комил Яшин асари, Тўхтасин Жалилов мусиқаси асосида бу фожиага бағишланган “Нурхон” мусиқали драмаси яратилган.
Бу асарда биринчи ўзбек раққосаси ролини турли йилларда Ўзбекистон халқ артистлари Мукаррама Азизова, Эътибор Жалилова, Наима Пўлатова ва бошқа бир қатор таниқли актрисалар ижро этганлар. Ўзбекистон халқ артисти, хонанда, актриса Зулайхо Бойхонованинг саҳнада яратган илк образи ҳам Нурхон ҳисобланади.
1968 йилда Марғилон шаҳри маданият уйи олдида ҳайкалтарош В. Клебансов томонидан Нурхонга бағишлаб яратилган ҳайкал ўрнатилган.
БИРИНЧИ ЎЗБEК АЁЛ РАССОМИ

Тошкентлик Шамсирўй Ҳасанова (1917–1956) илк ўзбек аёл рассоми сифатида эътироф этилади. У 1933–1938 йилларда Тошкент рассомлик техникумида таълим олган.
Ўзбекистон халқ рассоми Александр Волков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Павел Ганлардан тасвирий санъат асосларини ўрганган. Ўзбекистон давлат санъат музейида дастлаб экскурсовод, 1945 йилдан директор бўлиб ишлаган.
У ўзбек тасвирий санъатида биринчилардан бўлиб натюрморт жанрини бошлаб берган: “Копток гул”, “Хитой чинниси”, “Мевалар” ва бошқа асарлар айнан шу жанрда яратилган.
Алишер Навоийнинг 500 йиллигига тайёргарлик кўриш даврида турмуш ўртоғи, Ўзбекистон халқ рассоми, монументал рассом Чингиз Аҳмаров (1912–1995) билан Навоий театри биносининг фойеси учун Навоий “Хамса”си мавзулари асосида 1944–1947 йилларда ишланган маҳобатли деворий расмлар яратилишида иштирок этган.
Айниқса, тарихий портретлари – “Зебунисобегим”, “Нодирабегим”, “Увайсий”, “Мутриба” ва бошқаларда унинг нозик шарқона услуби ўз ифодасини топган.
Бу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Айрим манбаларда Ойбекнинг рафиқаси, кимёгар олима, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Зарифа Саидносирова (1908–1986) ҳам биринчи ўзбек аёл рассоми сифатида эътироф этилади. У 1924–1926 йилларда Розанов тасвирий санъат студиясида ўқиган. Тасвирий санъатга оид ишлари Ойбек уй-музейида сақланади.
БИРИНЧИ ЎЗБEК ПЛАКАТЧИСИ
Катта вараққа ишланган тасвирий санъат асарини ифодаловчи графика тури плакат деб аталади. У олисдан кўзга яққол ташланиши, ўта таъсирчанлиги, оммабоплиги, тасвирининг кинояларга бойлиги, ҳаммабоп рамзлар ишлатилиши каби ўзига хос бадиий воситалари билан фарқланди.
Ўзбекистонда плакат XIX аср охири – ХХ аср бошларида пайдо бўлди. ХХ асрнинг 20 йилларидан кенг тарқалди. Дастлабки йилларда асосан қўлда ишланган ва кўпайтирилган плакатлар ва ҳажвий расмлар кенг қўлланилган. Босма плакатлар 1923–1924 йиллардан чоп этила бошланган.
Бухоролик наққош ва мусаввир Уста Наби Ҳафизов (1893–1959) биринчи ўзбек плакатчисига айланди. Унинг тошбосма усулида чоп этилган плакатларида ғоя ва мазмун содда, тушунарли ҳамда оммабоп қилиб ифодаланган.
Плакатчиликдан ташқари у ўз фаолияти давомида Бухородаги биноларни нақшлар билан безаган, рассомлик билан ҳам шуғулланган. Эътиборлиси замонавий мавзуларни тасвирлашда миниатюра санъати анъаналарини кенг қўллаган.
У матбуотда фаол иштирок этган, кўплаб плакатлар яратган. Бугунги кунда Наби Ҳафизов плакатларидан намуналар Бухоро вилоят ўлкашунослик музейида сақланмоқда.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси