Биринчи қўнғироқ – буюк орзуларга чорлов
Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида янги – 2026/2027 ўқув йили бошланди. Бу сана минг-минглаб ўқувчилар, айниқса, мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган болажонлар ҳаётидаги энг қувончли ва унутилмас кунлардан бири бўлиб қолади.
Фарғона шаҳрининг «Экошаҳар» ҳудудида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ҳам янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир кўтаринки руҳда ўтди.
Унда Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, таълим соҳаси масъуллари, мактаб жамоаси, ўқувчилар ва ота-оналар иштирок этди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги ўқув йили бошланиши муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Президент табригида юртимиз тараққиёти ва Янги Ўзбекистоннинг келажаги билимли, замонавий тафаккурга эга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ёшларга боғлиқ экани таъкидланди. Ўқувчиларга янги билимларни эгаллаш, ўз иқтидор ва қобилиятларини намоён этиш, устозларнинг меҳнатини қадрлаш борасида эзгу тилаклар билдирилди.

– Президентимизнинг фарзандларига йўллаган байрам табриги нафақат ўқувчиларни, балки биз устозларни ҳам ҳаяжонга солди, – дейди мактаб директори Муҳаммадамин Нурматов. – Олдимизда турган вазифалар, мақсадлар катта экан. Ва биз мана шу асосида ҳаракатланамиз. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Фарғона филиали жамоаси, ўқувчилар Президентимизнинг ишончини оқлаймиз.
Бугун мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида иқтидорли ёшлар учун янги имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда иқтидорли ўқувчилар учун 201 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилгани бу борадаги эътибор кўламини яққол кўрсатади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади. Бу ерда ўқувчиларнинг аниқ ва табиий фанларга қизиқишини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, илмий изланишларга интилиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
«Билим — энг катта бойлик», деган ҳикматнинг маъноси бугунги тантанада яна бир бор намоён бўлди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мактаб ўқувчиларига китоблар совға қилди. Бу туҳфа, аввало, ёшларни китоб ўқишга, мутолаага меҳр қўйишга, ўз билимини мустақил равишда бойитиб боришга чорлов бўлди.
– Жами аризалар сони 9447 тани ташкил қилди. Бу бир ўринга 115 нафардан талабгор деганидир. Мактабимиз аниқ фанларга ихтисослаштирилган, – дейди мактаб директори Муҳаммадамин Нурматов. – Ўқувчиларимиз ўзларининг стартап лойиҳалари, турли хил платформалар билан таълим жараёнига кириб келмоқда.
Ота-оналар учун ҳам бу кун алоҳида аҳамиятга эга. Кечагина уларнинг бағрида эркаланиб юрган фарзандлари бугун қўлига гулдаста тутиб, янги ҳаёт босқичи – мактаб остонасига қадам қўйди.

Ва ниҳоят, барча интиқиб кутган лаҳза етди. Ўқув йилининг рамзий биринчи қўнғироғи янгради. Унинг жарангдор садоси бутун мактаб ҳовлисини тўлдирди. Биринчи қўнғироқ билан бирга янги ўқув йилининг дастлабки саҳифаси очилди.
Бу қўнғироқ оддий қўнғироқ эмас. У ёшларни билим олишга, изланишга, кашфиётлар қилишга, Ватанга муносиб фарзанд бўлиб камол топишга чорловчи рамзий садодир.
Зеро, ҳар бир буюк ютуқнинг ибтидоси – билим. Ҳар бир буюк орзунинг пойдевори – таълим.
Фарғонада бугун шундай ниятлар амалига киришдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/T2GNp20veLQ" title="Birinchi qo‘ng‘iroq — buyuk orzularga chorlov" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА