“Долзарб 40 кунлик”: ҳар куни 30–40 минг тонна чиқинди олиб чиқарилмоқда
Байрам кунлари кўпчилик дам олади, сайр қилади, яқинлар билан бирга вақт ўтказади. Аммо юртимизда шундай касб эгалари борки, улар учун байрам кунлари ҳам янада масъулиятли ва қизғин меҳнат палласи.
Кўчаларнинг озодалиги, маҳаллаларнинг саранжомлиги, бозор ва истироҳат масканларининг тозалиги ортида ҳар куни тонг саҳардан ишга чиқадиган тозалик посбонларининг машаққатли меҳнати турибди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатимизда 28 июлдан 6 сентябрга қадар “Долзарб 40 кунлик” умумреспублика тозалик тадбирлари ўтказилмоқда.

Рақамларга назар ташланса, бу меҳнатнинг кўламини тасаввур қилиш мумкин. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, ҳар куни республика бўйича ўртача 4,5 минг дона махсус техника ва 10 мингдан ортиқ ходим тозалик ишларига жалб этилмоқда. Натижада бир кунда ўртача 30–40 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди олиб чиқилмоқда. 40 кун давомида эса бу кўрсаткич қарийб 1 миллион 400 минг тоннани ташкил этади. Бундан ташқари, 2 минг тонна қурилиш чиқиндиси ҳам олиб чиқилиб, белгиланган тартибда жойлаштирилмоқда ва утилизация қилинмоқда.
“Долзарб 40 кунлик” доирасида асосий эътибор аҳоли пунктларининг санитар ҳолатини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ва аҳолининг экологик маданиятини оширишга қаратилган. Айни пайтда республикадаги 8 150 та маҳалланинг 7 674 таси акция тадбирлари билан тўлиқ қамраб олинган.

Ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотларида махсус штаблар ташкил этилган. Ҳудудларга масъул ходимлар бириктирилиб, тун-у кун навбатчилик ҳамда кунлик мониторинг йўлга қўйилган.
Тозалик тизимида бирор техниканинг ишдан чиқиши ҳам катта ҳудудда чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқилмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аниқланган 64 та носозликнинг 52 таси тезкор бартараф этилди, 12 та техника эса алмаштирилди. Фавқулодда ҳолатлар ёки техник носозликлар юзага келганда фойдаланиш учун 155 та махсус техника захирада сақланмоқда.
Акция доирасида бозорлар, савдо мажмуалари, боғлар ва дам олиш масканларида санитар тозаликни таъминлаш чоралари кучайтирилди. Тозалаш ва ободонлаштириш хизматларининг туну-кун навбатчилиги ташкил этилди.
Янги ўқув йили арафасида мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида таъмирлаш ишлари натижасида ҳосил бўлаётган чиқиндилар ҳам ўз вақтида олиб чиқилди. Дарахт ва буталарни санитар мақсадларда кесишдан ҳосил бўлган шох-шаббалар ҳам компостлаш ва органик ўғит ишлаб чиқариш учун йўналтирилмоқда. Полигонларни ободонлаштириш, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ҳам қўшимча чоралар кўрилмоқда.
Тозаликни таъминлаш билан бир қаторда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши устидан назорат ҳам кучайтирилган. Тадбирлар давомида чиқиндилар билан боғлиқ 97 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, айбдорларга нисбатан жами 165,4 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. Аҳоли мурожаатлари ҳам эътибордан четда эмас. Фуқаролардан келиб тушган 327 та мурожаат кўриб чиқилган. Уларнинг 275 таси жойида ҳал этилган, 52 таси бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.
“Долзарб 40 кунлик” тадбирлари тасдиқланган режа асосида давом этмоқда. Зеро, тозалик бир кунлик акция эмас — у ҳар куни, ҳар бир ҳудудда ва ҳар бир инсоннинг масъулияти билан яратилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА