Аёл банд бўлса — оила фаровон, жамият барқарор бўлади
Юртимизда аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши раиси Зулфия Тўйева хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида ўз муносабатини билдирди:
— Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда истиқлолимизнинг ҳар бир йили, ҳар бир куни, ҳар бир дақиқаси биз учун қадрли эканлигини яна бир карра теран англаяпмиз. Чунки бугунги яратилган имкониятлар ва инсон қадрига бўлган муносабат замирида ана шу йиллар давомида босиб ўтилган оғир, машаққатли, аммо шарафли йўл бор. Ортда қолган 35 йили силлиқ кечмади. Шу юртда яшаётган бир она, турмуш ўртоқ ва жамиятнинг фаол аёли сифатида айтишим мумкинки, бу йилларнинг залворини айниқса, аёллар жуда аниқ ҳис қилишади.
Лекин йиллар давомида хотин-қизларга бўлган муносабат, уларга эътибор ортиб борди. Айниқса, 2017 йилдан кейинги ислоҳотлар тўлқини хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаб, уларнинг ижтимоий ҳимоясини тубдан ўзгартирди. Бугун юртимизда ишсиз хотин-қизларни касбга ўқитиш, қишлоқ жойларда ҳам аёллар учун янги иш ўринларини яратиш, оилавий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш масалаларида катта натижаларга эришилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир аёлнинг муаммосига алоҳида ёндашиш, хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг ҳаётида аниқ натижа берадиган механизмларни ишлаб чиқиш устида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Бу даврнинг энг муҳим жиҳати — аёлга фақат ёрдам бериш эмас, балки унга ўз ҳаётини ўзи ўзгартириши учун имконият яратиш тамойили устуворлигидадир.
Шу ўринда хотин-қизларнинг олий таълим олиши учун яратилган имкониятлар, бунда, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга яратилган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ҳозирги кунда давлат олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг магистратура босқичида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Масалан, 2025 йил якунлари бўйича давлат ОТМлари магистратурасида таҳсил олган деярли 18 минг нафар хотин-қизларнинг шартнома пуллари қоплаб берилган.
Шунингдек, олий таълимда таҳсил олаётган партиямиз электорати бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, ота-онасини йўқотган ҳамда боқувчиси бўлмаган хотин-қизларнинг ҳам контракт тўловлари бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Жорий йилда ҳам олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида 4000 нафар эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга квота ажратилди.
Эҳтиёжманд бир аёл давлат кўмаги билан олий таълим олиб, мутахассис бўлиб етишади. Натижада унинг ҳаёти ўзгаради, фарзандлари билимли, тарбияли, рўзғори бут, турмуши фаровон бўлади. Шунинг учун хотин-қизларнинг олий таълим олишига сарфланаётган маблағни оила келажагига, жамият фаровонлиги ва албатта, мамлакатимиз тараққиётига киритилаётган сармоя, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий вазифаларидан бири ҳам аҳоли турмуш фаровонлиги, ижтимоий адолат ва эҳтиёжмандларни ҳимоя қилишдир. Шу нуқтаи назардан, хотин-қизларнинг бандлиги ва ижтимоий ҳимояси биз партия вакилларининг ҳам доимий эътибор марказида бўлади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА