Адабиёт – халқларни бирлаштирувчи маънавий кўприк
Шу кунларда пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамкорлигида “Туркий дунё маънавий мероси: адабиёт – даврлар ва авлодлар мулоқоти” форуми ўтказилмоқда.
Мазкур анжуман икки қардош халқ ёзувчи, шоир, адабиётшунос, таржимон ва олимлари, давлат тузилмалари ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларини умумий тарихий, адабий ва маънавий қадриятлар атрофида бирлаштирувчи янги маданий-гуманитар майдонга айланиши кутиляпти.
Форум дастурига кўра, жорий йил 2 сентябрь куни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қораманас қишлоғида жойлашган 34-сонли мактабга атоқли қозоқ ёзувчиси, драматург, таржимон ва жамоат арбоби Раҳматулла Райимқулов номи берилиши муносабати билан мазкур ўқув масканида янги ўқув йили тантанали равишда очилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат идоралари, дипломатик корпус вакиллари, Ёзувчилар уюшмалари раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда таниқли ижодкорлар иштирок этди.
Даставвал Президент Шавкат Мирзиёевнинг Билимлар куни муносабати билан халқимиз, педагоглар жамоатчилиги ва азиз ёшларимизга йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, беғубор нигоҳларида ҳайрат ва ҳаяжон учқуни порлаб, илм маскани остонасига қадам қўяётган 800 000 га яқин биринчи синф ўқувчиси диёримизнинг келажакдаги нурли истиқболидир. Бу рақам шунчаки статистика эмас, балки ҳар йили жамиятимизга кириб келаётган улкан куч, ақлий салоҳият ва янги қувватдир.
Шунингдек, учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова, қўшни давлатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Тугжанов ҳам сўзга чиқиб, янги ўқув йили бошланиши, ёш авлод таълим-тарбияси, икки қардош эл ўртасидаги адабий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон – Қозоғистон шериклиги барча соҳалар қатори маданият, адабиёт ва таълим йўналишларида ҳам изчил ривожланмоқда. Айниқса, халқларимизнинг муштарак тарихий илдизи, тили, адабиёти ва маънавий қадриятлари авлодларни бир-бирига яқинлаштирувчи муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-31225]
Бўстонлиқ туманидаги 34-сонли мактабга Раҳматулла Райимқулов номи берилиши ҳам ана шу муштарак маънавий меросга юксак эҳтиром ифодасидир. Адибнинг серқирра ижодий фаолияти, ўзбек ва қозоқ адабиёти ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси бугунги ёш авлод учун ибрат мактабидир.
– Туркий халқларнинг тили, дини ва маданияти бир, – деди Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, марҳум адиб Раҳматулла Райимқуловнинг қизи, профессор Ақтўти Райимқулова. – Бизнинг муштарак илдизларимиз асрлар давомида шаклланган улкан маънавий хазинадир. Шу бой меросни асраб-авайлаб, кейинги авлодларга етказиш учун муносиб тарзда сақлаш барчамизнинг умумий вазифамиздир. Бугун отамнинг номи Ўзбекистондаги мактаблардан бирига берилиб, унинг хотираси эъзозланаётгани мен учун, аввало, катта шараф. Бу нафақат оиламиз, балки икки юрт адабий жамоатчилиги учун ҳам қувончли воқеа. Зеро, Раҳматулла Райимқулов бутун умри, ижодий фаолияти давомида халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва маънавий яқинликни мустаҳкамлашга интилди. Айниқса, ушбу воқеа янги ўқув йили бошланган куни, ёш авлод таълим оладиган масканда амалга оширилаётгани рамзий маънога эга. Мактаб – билим ва тарбия маскани. Адиб номи шундай улуғ даргоҳга берилиши ёшларни унинг ижодий меросига янада яқинлаштиради. Отамнинг номи ва ижодий мероси Ўзбекистонда юксак қадрланаётгани оиламиз аъзоларига мислсиз қувонч бахш этади. Бундай эътибор ва эҳтиром учун Ўзбекистон халқига, давлат раҳбариятига, тадбир ташкилотчиларига ва барча ижодкорларга миннатдорлик билдираман.
Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари томонидан намойиш этилган адабий-бадиий дастурда ўзбек ва қозоқ халқларининг бой адабий мероси, миллий урф-одат ва анъаналари, буюк сиймолари ижоди акс эттирилди.
Куннинг яна бир муҳим воқеаси сифатида янгиланган мактаб кутубхонаси ва замонавий “koworking” майдон тантанали суръатда очилди. Расмий делегатлар ушбу зиё маскани захирасини бойитиш мақсадида мактаб кутубхонага китоблар совға қилишди. Шунингдек, таълим даргоҳига илк бор қадам қўйган болажонларга Президент совғаси – ўқув жиҳозларини тантанали равишда топширишди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимов Истиқлолимизнинг 35 йиллигига бағишлаб ўқувчилар учун мустақиллик дарси ўтиб берди. Дарс жараёнида озод юртимиз босиб ўтган тараққиёт йўли, бугунги тинч ва фаровон ҳаётнинг қадри, ёш авлод зиммасидаги масъулият ҳақида сўз юритилди. Ёшларга мустақилликнинг мазмун-моҳияти, миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат ва юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш каби эзгу тушунчалар аҳамияти уқтирилди.
Адабиёт ва маънавиятнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, китоб ва адабиёт инсонни фикрлашга, ўзлигини англашга, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашга ундайди. Шу маънода, Раҳматулла Райимқулов номи берилган мактабда берилган Мустақиллик сабоғи тадбирнинг мазмун-моҳияти билан уйғунлашди.
Шу тариқа, Бўстонлиқнинг сўлим Қораманас қишлоғида жойлашган 34-сонли мактабдаги янги ўқув йили очилишига бағишланган анъанавий тадбир адабиёт, таълим, маънавият ва халқлар дўстлиги мавзуларини жамлаган муҳим маданий воқеага айланди. Зеро, адабиётнинг кучи ҳам шунда – вақт ва макон чегараларини енгиб, қалбларни бирлаштиради, авлодларни боғлайди. Раҳматулла Райимқулов номи билан аталган мактабда эзгу анъана янги авлод вакиллари томонидан давом эттирилиши эса туркий дунё муштарак маънавий мероси бардавомлигидан далолат.
Ўткир АЛИМОВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА