Бир лаҳзалик манфаат — йилларга татийдиган пушаймон
Коррупциянинг энг оғир жазоси баъзан суд ҳукмида эмас, инсоннинг қалбида бошланади. Зеро, қонунбузарлик ортидан келадиган жазо — озодликдан маҳрум бўлиш билан чекланмайди. У инсоннинг обрўси, оиласи тинчлиги, яқинлари ишончи, йиллар давомида шаклланган қадр-қимматига ҳам соя солади. Энг ачинарлиси, айрим ҳолларда бир лаҳзалик манфаат ортидан қувиш бутун бир умрлик пушаймонга айланиши мумкин.
Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки бутун жамиятнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу иллатнинг илдизларини бартараф этиш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, ҳалоллик ва қонун устуворлигини ҳаёт тарзига айлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Зеро, коррупцияга қарши кураш фақат жиноят содир этилгандан кейин жазолаш эмас. Энг муҳими — инсонни жиноятга етаклайдиган омилларни барвақт англатиш, унда қонунга ҳурмат, ҳалол меҳнат ва юксак масъулият туйғусини шакллантиришдир.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисининг 2026 йил 10 мартдаги баённомаси билан тасдиқланган Ҳаракатлар режасининг ижросини таъминлаш, шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимининг 2026 йил 5 сентябрдаги дастурига мувофиқ навбатдаги профилактик тадбир ўтказилди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги бошқарув аппарати Коррупцияга қарши ички назорат шўъбаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Бухоро вилояти филиали ҳамкорлигида ҳокимлик тизими ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчилари Когон туманидаги 1-сон жазони ижро этиш колониясига борди.
Бу оддий танишув эмас, балки инсон тақдири орқали катта ҳаётий ҳақиқатни англашга қаратилган ўзига хос тарбиявий тадбир бўлди.
Иштирокчилар жазони ижро этиш муассасасининг инфратузилмаси, маҳкумларни сақлаш шароитлари, ички тартиб-қоидалар ва кундалик ҳаёт тартиби билан яқиндан танишишди.
Бироқ тадбирнинг энг таъсирчан қисми маҳкумлар билан юзма-юз мулоқот бўлди.

Уларнинг ҳаёт йўли, қилган хатолари, қарорларининг оқибатлари, оиласи ва яқинлари билан боғлиқ кечинмалари ҳақидаги самимий фикрлари тадбир иштирокчиларига жиддий таъсир қилди. Чунки баъзан ҳуқуқий ҳужжатлардаги биргина модда ортида инсоннинг бутун тақдири, бир оиланинг изтироби, фарзандларнинг кўз ёши ва йиллар давомида тикланган ишончнинг емирилиши ётиши мумкин.
Маҳкумларнинг ҳаётий иқрорлари бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: жиноятга олиб борувчи йўл кўпинча кичик ва аҳамиятсиздек кўринган қадамдан бошланади. Аммо унинг оқибати бутун умрга татиши мумкин.
Коррупция ҳақида гап кетганда, одатда, биринчи навбатда жиноий жавобгарлик, жарима ёки озодликдан маҳрум этиш каби жазолар кўз олдимизга келади. Аммо унинг инсон ҳаётига етказадиган зарари бундан анча кенг.

Коррупцияга аралашган инсон, аввало, ўзининг обрў-эътиборини хавф остига қўяди. Йиллар давомида меҳнат билан орттирилган ишонч бир лаҳзада барбод бўлиши мумкин. Оила аъзолари, фарзандлар, ота-она ва яқинлар ҳурматига ҳам жиддий путур етади. Энг оғири эса — инсон ўз хатосининг нафақат ҳуқуқий, балки маънавий оқибатлари билан ҳам юзма-юз қолади.
Тадбир давомида айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат хизматчиларига коррупциявий жиноятларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди. Хизмат ваколатларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишга йўл қўймаслик, давлат ва жамият манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўйиш, ҳар қандай вазиятда қонун талабларига қатъий амал қилиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат хизмати — шунчаки лавозим эмас. Бу, аввало, халқ ишончи ва юксак масъулиятдир. Бугун давлат фуқаролик хизматчилари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, хизмат фаолиятини такомиллаштириш, муносиб рағбатлантириш ва профессионал кадрлар захирасини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида ҳам ана шу эзгу мақсад — давлат идораларини халққа хизмат қиладиган, очиқ, адолатли ва самарали тизимга айлантириш ғояси мужассам.
Шу боис давлат хизматчисига билдирилаётган ишончни оқлаш, яратилган имкониятларнинг қадрига етиш, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан бажариш, халқ манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйиш — ҳар бир хизматчининг энг муҳим бурчидир.
Зеро, лавозим инсонга имтиёз эмас, масъулият юклайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири