“Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига ҳарбийлар ҳам қўшилди
Замонавий армия нафақат кучли қурол-яроғ, балки илғор билим ва рақамли технологиялар билан ҳам мустаҳкамланади. Бугун ҳарбий хизматчиларнинг сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларида билим олиши мамлакат хавфсизлиги учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Шу мақсадда ҳарбий хизматчилар “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида ўқитилмоқда. Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Р.Каримжонов ҳамда Мудофаа вазири ўринбосари, полковник Б.Ўрмонов Ахборот-коммуникация технологиялари ва ҳарбий алоқа институтига ташриф буюрди.

Ташриф давомида институтнинг замонавий инфратузилмаси, ҳарбий техникалар, ўқув симуляцион тренажёрлари, махсус лабораториялар ҳамда “Ёшлар радиоси” хонаси билан яқиндан танишилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва робототехника йўналишларида эришган ютуқлари намойиш этилди. Дастур доирасида институтнинг шахсий таркиби билан ўтказилган давра суҳбатида АКТ соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ва таълим жараёнига илғор рақамли ечимларни кенг жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

—Бугунги кунда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ҳар бир соҳанинг ажралмас қисмига айланмоқда. Ҳарбий хизматчиларимизнинг бу йўналишда билим ва кўникмаларга эга бўлиши нафақат мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлайди, балки келажакда юқори малакали кадрлар захирасини ҳам шакллантиради. “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси айнан шу мақсадга хизмат қилади, — деди рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов.

Шунингдек, ҳудуддаги ҳарбий қисмга ташриф буюрилиб, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури доирасида муддатли ҳарбий хизматчиларни ўқитиш жараёнлари ва улар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.
Якунда томонлар таълим ва инновациялар йўналишида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда 5 минг нафар муддатли ҳарбий хизматчиларни ўқитишни жадаллаштириш бўйича амалий келишувларга эришди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА