Жанубий Кореяда тадбиркорлик, рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида муҳим келишувларга эришилди
Корея Республикасига ташриф доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева Жанубий Корея тадбиркор аёллари ассоциацияси раиси Пак Чан Сук ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашди.
Ассоциация раиси Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, 3,5 миллионга яқин тадбиркор аёлни бирлаштирган ассоциациянинг ҳамкорликка қизиқишини билдирди.
“The Skin”, “Sooho Global” ва “Metal Heater Solution” компаниялари вакиллари косметика саноати, экспорт, маркетинг, сув таъминоти ва экологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик бўйича таклифларини илгари сурди.
Тадбиркор аёллар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, қўшма ўқув дастурлари ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга эътибор қаратилди.
***
Жанубий Кореянинг етакчи “NAVER Corporation” ва “Kakao Corporation” компаниялари вакиллари билан музокараларда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланаётгани, ахборот технологиялари соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ёш мутахассисларнинг юқори салоҳияти эътироф этилди.

Томонлар суверен сунъий интеллект, электрон тўлов тизимлари, рақамли давлат хизматлари ва стартап-экотизимни ривожлантириш йўналишларида қўшма лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш имкониятларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

***
Корея Республикаси бандлик ва меҳнат вазири Ким Юнг Хун билан учрашувда икки мамлакат ўртасида бандлик, меҳнат миграцияси, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ким Юнг Хун Ўзбекистон билан ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Жанубий Корея компанияларини Ўзбекистон билан ҳамкорликка жалб этиш, иш берувчилар талабларига мос малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни шаффоф танлов асосида ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
БМТнинг Глобал акселератор ташаббуси доирасида норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кенгайтириш ҳамда ёшларни касбга тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Меҳнат вазири Жанубий Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий суғурта ва компенсация тўловлари билан боғлиқ масалаларда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА