Бахмалда гастрономик туризм манзили яратилмоқда
Туризмни ривожлантириш баъзан улкан мажмуалар ёки йирик инвестиция лойиҳаларидан эмас, балки одамлар ҳар куни кўзи тушадиган оддий кўчаларнинг янги қиёфасидан бошланади. Бахмал туманидаги Оқтош маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Ҳамид Олимжон кўчасининг икки километр қисмини гастрономик ва туризм, савдо-сервис хизматларига ихтисослашган замонавий кўчага айлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ана шундай ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Бу ташаббус ҳудуд қиёфасини янгилаш билан чекланмай, туризмни маҳаллий иқтисодиётнинг фаол ҳаракатлантирувчи кучига айлантиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида кўчанинг ташқи кўринишини замонавийлаштириш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш объектлари учун қулай муҳит яратиш, аҳоли ва меҳмонлар учун муносиб инфратузилмани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу жараён мамлакатда туризмни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган давлат сиёсати билан ҳамоҳанг. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида туризм соҳасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатда туризм соҳасидаги тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш механизмлари белгилангани соҳада янги лойиҳалар учун имкониятларни кенгайтиради.

Бахмалдаги ташаббусни ана шу кенг кўламли мақсадларнинг ҳудуддаги амалий кўринишларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Зеро, гастрономик кўча бу фақат овқатланиш жойлари жамланмаси эмас. У маҳаллий таомлар, савдо, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва сайёҳлик тажрибасини бир нуқтада уйғунлаштириб, ҳудуднинг ўзига хослигини намоён этадиган туристик манзил.

Бугун Ҳамид Олимжон кўчасида ободонлаштириш, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарини тартибга келтириш, ташқи қиёфани яхшилаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш ишлари давом этмоқда. Ишлар ҳали якунига етмаган бўлса-да, янги хизмат кўрсатиш масканлари, савдо шохобчалари ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг кенгайиши аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратмоқда.
Айниқса, бу каби лойиҳаларнинг қиймати уларнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани ҳал этиши билан аҳамиятли. Замонавий кўча ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширади, янги хизмат турларини пайдо қилади, тадбиркорлик фаоллигини кучайтиради ва аҳоли учун янги даромад имкониятларини вужудга келтиради.

Бахмалнинг тоғли табиати, ўзига хос миллий таомлари ва меҳмондўстлик анъаналари билан уйғунлашган бундай маскан келгусида туманнинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этувчи муҳим нуқталардан бирига айланиши мумкин. Энг муҳими, бу ерда туризм фақат сайёҳни қабул қилиш эмас, балки маҳаллий имкониятни қийматга, тадбиркорликни даромадга, оддий кўчани эса ҳудуднинг ўзига хос туристик манзилига айлантириш жараёнидир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири