Бандликка манзилли ечимлар изланмоқда
Пойтахтимизда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Миграция агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда бир қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида меҳнат миграциясида юрган, хориждан қайтган, иш билан банд бўлмаган ва иш қидираётган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мазкур очиқ мулоқот хорижда юрган ва қайтиб келган опа-сингилларимиз билан юзма-юз суҳбатлашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Мулоқотда бандлик, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир мурожаатлар тегишли мутасаддилар билан бевосита муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, меҳнат миграциясидан қайтган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш масаласи алоҳида эътибор ва манзилли ёндашувни талаб этади. Очиқ мулоқот дастурига киритилган мурожаатлар ҳам турли ҳаётий вазиятларни акс эттиради. Хорижда ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилган, муайян касбий тайёргарликка эга бўлган аёллар бугун ўз юртида барқарор даромад манбаига эга бўлишни истайди.
[gallery-32201]
Айни пайтда хорижда меҳнат қилаётган айрим юртдошларимизга ҳам муносиб иш ўрни топиш имконияти яратилса, улар Ватанга қайтиш ниятида. Бу эса мавжуд касбий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, хотин-қизларнинг эҳтиёж ва имкониятларига мос бандлик чораларини белгилаш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришни тақозо этади.
Хориждан қайтаётган хотин-қизлар сонининг ортиши уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига янада жиддий ва манзилли ёндашишни талаб этмоқда. Таҳлилларга кўра, 2025-йилнинг январь–сентябрь ойларида хориждан 86 минг 804 нафар хотин-қиз қайтган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 202 минг 631 нафарга етган. Бир йил ичидаги ўсиш 115 минг 827 нафарни ташкил этиб, чет элдан қайтган хотин-қизлар сони 2,3 баравар кўпайган. Бу ҳолат меҳнат бозорига қайта кириш, касбий мослашув ва доимий бандлик масалаларига янада манзилли ёндашишни талаб қилмоқда.
Шу мақсадда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан 19,2 миллион нафар хотин-қизни қамраб олувчи ягона “Хотин-қизлар баланси”ни шакллантириш ишлари давом этмоқда. Унинг асосида ҳар бир аёлнинг бандлик ҳолати, ижтимоий шароити, эҳтиёжларини ҳамда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларини аниқлаш, индивидуал ёндашувни кучайтириш кўзда тутилган.
Ягона платформа орқали ким ишга жойлашгани, ким касб-ҳунарга ўқитилгани, тадбиркорликка жалб этилгани ва қайси мурожаат ҳали ечимини кутаётганини кузатиб бориш имконияти мавжуд. Мулоқотнинг асосий жиҳатларидан бири – муаммоларни тегишли масалалар билан бевосита шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари иштирокида кўриб чиқиш.
Конструктив руҳда ўтган очиқ мулоқотда хориждан қайтган хотин-қизларни уларнинг касбий тажрибаси ва малакасига мос иш ўринлари билан таъминлаш, уларни талаб юқори бўлган касбларга қайта тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, тикувчилик, пазандачилик, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда муайян тажрибага эга бўлса-да, доимий иш топишда қийинчиликларга дуч келаётган аёлларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида билдирилган мурожаатларни тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўрганиш, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳар бир хотин-қизнинг касбий салоҳияти, оилавий шароити ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, манзилли ёрдам кўрсатиш масалаларига устувор аҳамият берилди.
Айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган аёлларнинг орттирган тажрибасидан самарали фойдаланиш, уларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш ва иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича масъул ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА