“Айролиқ” миллий рақс спектакли намойиш этилди
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат хореография академиясида Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўткан кунлар” романи асосида саҳналаштирилган “Айролиқ” миллий рақс спектакли томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Мазкур саҳна асарида “Ўткан кунлар” қаҳрамонлари - Отабек, Кумуш, Зайнаб, Ҳомид, Мирзакарим қутидор, Офтоб ойим ва бошқа образлар тақдири рақс орқали талқин қилинди.
Спектакль Отабек ва Кумушнинг илк учрашувини акс эттирувчи саҳна билан бошланди. Кейинги воқеалар ривожида икки ёшнинг муҳаббати, миллий қадриятлар, оилавий муносабатлар ҳамда инсон тақдири билан боғлиқ мураккаб кечинмалар хореографик композициялар воситасида ифода этилди.
Томоша давомида “Тўй”, “Хон ҳузури”, “Тошкент”, “Хат ўйини”, “Фитна” ва “Зайнаб ноласи” каби саҳналар намойиш этилди. Уларда роман воқеаларидаги энг муҳим бурилиш нуқталари, жумладан, Ҳомиднинг фитналари, Кумуш ва Отабек ўртасидаги айрилиқлар, Зайнабнинг ички изтироблари ҳамда қаҳрамонлар тақдиридаги драматик воқеалар ўз аксини топди.
Айниқса, Зайнаб образининг руҳий кечинмалари, рашк ва армон туйғулари асосида қурилган яккахон рақс томошабинларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, спектакль финалида Кумушнинг фожиали тақдири, Отабекнинг чексиз алами ва Зайнабнинг руҳий емирилиши таъсирчан саҳна ечимлари орқали намоён этилди.
Д.Ҳакимов, ЎзА