Табиатни “эшитиш” имконини берган перформанс Тошкентда намойиш этилди
Карлос Касас — кино, визуал санъат, товуш ва экологик тадқиқотлар чорраҳасида ижод қилувчи рассом ва режиссёр.
У ўз ижодида ландшафтлар, экотизимлар ва уларда юз бераётган ўзгаришларга мурожаат қилиб, ҳужжатли материаллар, дала ёзувлари ва турли аудиовизуал шакллардан фойдаланади. Ижодкор кўп йиллар давомида табиий ва антропоген ўзгаришлар содир бўлаётган ҳудудларни бевосита ўрганиб келмоқда. Касас тўплаган материалларни бадиий лойиҳаларга айлантириш орқали инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни янгича англаш имконини яратади. Карлос Касаснинг ижодий фаолияти санъат, кино, овоз ва атроф-муҳит тадқиқотларини ўзида мужассам этади.
Тошкентда рассом ва режиссёр Карлос Касаснинг жонли аудиовизуал перформанси намойиш этилди. Тадбир Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг “Green University” ҳузуридаги “ARTepa” галереясида бўлиб ўтди. Перформанс асосини рассом сўнгги 25 йил давомида дунёнинг турли ҳудудларида тўплаб келаётган “Дала тадқиқотлари” (“Fieldworks”) архиви материаллари ташкил этди. Чиқиш давомида рассом тасвирлар, дала ёзувлари ва атроф-муҳит товушларини реал вақт режимида бирлаштириб, уларни доимий равишда ўзгариб турувчи аудиовизуал композицияга айлантирди.
“Дала тадқиқотлари” лойиҳаси инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро муносабатларга бағишланган. Унда ландшафтлар ва экотизимларда юз бераётган ўзгаришлар тадқиқ этилади. Чўлланиш, иқлим ўзгариши, биологик турларнинг йўқолиши ва табиий ҳудудларнинг трансформацияси лойиҳанинг асосий мавзуларидан ҳисобланади.
Перформанснинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ландшафт фақат визуал образ сифатида эмас, балки товуш, тасвир, хотира ва бевосита иштирок орқали идрок этиладиган тирик тизим сифатида намоён бўлди. Турли географик ва экологик шароитларда тўпланган материаллар ягона маконда бирлаштирилиб, атроф-муҳитнинг ўзига хос ҳиссий харитасини шакллантирди. Шу тариқа, санъат экологик жараёнларни англаш воситасига айланиб, табиатда юз бераётган ўзгаришларга янгича нигоҳ билан қараш имконини берди. Аудиовизуал формат эса томошабинга нафақат ландшафтларни кузатиш, балки уларни тинглаш, динамикаси ва нозик жиҳатларини ҳис қилиш имконини яратди.
Тадбир “Green University” ҳузуридаги “ARTepa” галереяси ва “Art Station” томонидан DAVRA тадқиқот гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг (SDC) “Central Asia Art and Culture Programme” (CAACP) дастури ҳамда “Art Station: сўз эркинлиги, ижодий санъат, инклюзив мулоқот ва жамият тараққиёти чорраҳаси” лойиҳаси кўмагида амалга оширилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА