Миллий мақом санъатининг забардаст вакили
Санъаткор энг баланд ноталар ва авжларни ҳеч қандай зўриқишсиз, эркин, тиниқ ва юксак маҳорат билан ижро этади. Мураккаб мақом йўлларидаги авжларни овоз сифатини йўқотмаган ҳолда моҳирона айта олиши унинг энг катта устунликларидан биридир.
Илёсбек Арабов ўзбек миллий мақом санъати ва анъанавий хонандалик мактабини янги босқичга олиб чиққан, дунё саҳналарида ўзбек маданиятини баланд пардаларда тараннум этаётган ноёб истеъдод эгасидир. Унинг ижодий қиёфаси вокал маҳорати, юксак созандалик маданияти ҳамда илмий-педагогик фаолияти уйғунлиги билан ажралиб туради.

Илёсбек кенг диапазонли, ширали ва жозибадор овоз соҳиби. У Шашмақомнинг мураккаб йўлларини, катта ашула ва халқ қўшиқларини юксак дид, нозик ҳис ва чуқур фалсафий мазмун билан ижро этади.
Хонандалик билан бирга, дутор чолғусини ҳам виртуоз даражада чалади. Бухоро ва Тошкент-Фарғона мақом йўлларидаги соз ва сўз мутаносиблигини ўз ижросида мукаммал намоён эта олиши унинг мухлислари томонидан юксак қадрланади.

Устоз-шогирд анъаналарига таяниб, Алишер Навоий, Фузулий ва Бобур ғазаллари билан ишлашда сўзларнинг маъноси, талаффузи ва руҳий таъсирига алоҳида эътибор қаратади. Шу боис унинг ижросида мусиқа ва шеърият бир-бирини тўлдириб, яхлит бадиий манзара касб этади.
Илёсбек Арабов Франция, Германия, АҚШ, Буюк Британия каби давлатларда ўзбек мақомининг бой меросини чет эллик тингловчиларга тушунарли ва таъсирчан тарзда етказа олган глобал санъаткордир. Жаҳонга машҳур хонанда Сами Юсуф билан бир саҳнада куйлаган илк ўзбек мақомчиси сифатида Шарқ мусиқасини замонавий ва халқаро миқёсда янгича талқин қилди.

Лондондаги SOAS университети каби нуфузли олийгоҳларда маҳорат дарслари ўтиб, мақомни нафақат ижро санъати, балки улкан академик ва маънавий мерос сифатида тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшди.
Айниқса, унинг ижодида миллийлик ва замонавийлик уйғунлиги яққол кўзга ташланади. У анъанавий мақомнинг асл руҳини сақлаган ҳолда, уни бугунги авлод ва халқаро тингловчиларга яқинлаштиришга интилмоқда. Бу эса санъаткор ижодининг энг муҳим ва эътиборли жиҳатларидан биридир.
Илёсбек Арабовнинг ҳар бир ижросида аждодлардан мерос бўлиб келаётган мусиқий тафаккур, миллий руҳ ва бадиий дид мужассам. Унинг саҳнадаги ҳар бир чиқиши ёш авлодни миллий санъатга меҳр қўйишга, мақомнинг беқиёс имкониятларини англашга ундайди.

Бугунги кунда Илёсбек Арабов Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори ва кафедра мудири сифатида янги авлод мақомчиларини тарбияламоқда. Санъаткор «Муғом олами» халқаро фестивали ғолиби сифатида миллий санъатимизнинг муносиб вакилларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. У ўтмиш аждодлар меросига чексиз ҳурмат ва замонавий дунё мусиқаси билан уйғунликда ривожланаётган ҳақиқий санъаткор тимсолидир.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ўқитувчиси Илёсбек Арабов “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди.
— Мамлакатимизда миллий мақом санъатини равнақ топтириш борасида мисли кўрилмаган ижобий ташаббуслар илгари сурилмоқда, — деди Ўзбекистон халқ артисти, моҳир ижрочи Илёсбек Арабов. — Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилиб, бугунги кунда мазкур олийгоҳ мамлакатимизнинг мусиқа санъати соҳасидаги энг етакчи олий ўқув юртларидан саналади. Миллий мақом санъатимизни тарғиб этиш ва ривожлантириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар маънавиятга эътибор қаратиш йўлидаги энг муҳим ва хайрли ташаббуслардандир.

Бугун Илёсбек Арабов нафақат моҳир хонанда ва созанда, балки миллий мусиқа меросимизни асраб-авайлаш, уни илмий ўрганиш ва келажак авлодга етказишга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи устоздир. Унинг серқирра фаолияти мақом санъатининг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Санъаткорнинг ижодий йўли — миллий меросга садоқат, устозлар анъанасига эҳтиром ва янгиликка интилишнинг ёрқин намунаси. Унинг бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати ўзбек мақом санъатининг жаҳон саҳнасидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилаётир.
Илёсбек Арабовнинг санъатдаги ҳар бир ютуғи — миллий мусиқа маданиятимизнинг ҳам ютуғи. Зеро, мақом халқимизнинг асрлар оша сайқал топган маънавий хазинаси бўлса, уни бугунги дунёга муносиб тарзда танитиш, келажак авлодга етказиш каби шарафли вазифа ана шундай фидойи ижодкорлар зиммасидадир.
Назокат Усмонова, ЎзА