Санкт-Петербургда Ўзбекистон санъати намуналари намойиш этилмоқда
Санъат асарлари нафақат муайян давр ва ижодкор ҳақида ҳикоя қилади, балки турли мамлакатлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ҳам кучайтиради.
Санкт-Петербургда ўтаётган йирик халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг бой музей мероси ҳам кенг намойиш этилмоқда.
Санкт-Петербургдаги Фаберже музейида “Замин муҳаббати ва самовий муҳаббат. Владимир ва Константин Маковскийлар” кўргазмаси ўз ишини давом эттирмоқда. Жорий йил 3 июнда очилган мазкур экспозиция Владимир Маковский таваллудининг 180 йиллигига бағишланган. Унда 25 дан ортиқ музей коллекцияларидан қарийб 170 та асар жамланган.
Халқаро кўргазмада Ўзбекистон ҳам муносиб тарзда иштирок этмоқда. Ўзбекистон давлат санъат музейи коллекциясидан танлаб олинган 9 та асар экспозициядан ўрин олган. Мазкур асарлар Россия ҳудудида илк бор намойиш этилмоқда. Айниқса, асарларни кўргазмага тайёрлаш жараёнида реставрация ишларининг амалга оширилгани миллий музей коллекцияларини асраб-авайлаш ва уларни халқаро миқёсда муносиб намойиш этишда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа халқаро музейлар ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий меросни асраш ва Ўзбекистон музейларида сақланаётган ноёб санъат асарларини нуфузли халқаро кўргазма майдонларида кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, бундай ҳамкорлик миллий маданий меросимизни жаҳон аудиториясига танитиш учун янги имкониятлар яратади.
Кўргазма 2026 йил 13 сентябрга қадар Фаберже музейида давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА