Аёл фаол бўлса, жамият ўзгаради
Бугун жамият тараққиётини хотин-қизларнинг фаол иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, салоҳиятини рўёбга чиқаришдан айро тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, оиладаги файз, маҳалладаги осойишталик, жамиятдаги барқарорлик ва юрт тараққиёти кўп жиҳатдан аёлнинг ижтимоий мавқеи ва фаоллигига боғлиқ.
Шу маънода, “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги “Сиёсатчи аёллар” клуби фаолияти нафақат хотин-қизларни сиёсий жараёнларга кенг жалб этиш, балки уларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларга ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги клуб учун изланиш, ташаббус ва амалий натижаларга бой давр бўлди.
Ҳисобот даврида режа асосида 130 та тадбир ташкил этилди. Уларнинг 16 таси давра суҳбати, 20 таси мақсадли лойиҳа, 20 таси учрашув, 15 таси акция, 24 таси тарғибот тадбири ва 35 таси назорат-таҳлил ўрганишларидан иборат бўлди. Ушбу тадбирларга жами 5 013 нафар хотин-қиз жалб этилди. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Уларнинг замирида ўзини жамиятда эркин ва муносиб ўринда кўришга интилаётган минглаб аёлларнинг тақдири, орзу-интилишлари ва ташаббуслари мужассам.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўлларидан бири — уларга тайёр ёрдам бериш эмас, балки мустақил даромад топиши ва ўз меҳнати билан оиласи фаровонлигини таъминлаши учун имконият яратишдир. Шу мақсадда “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида “Устоз-шогирд” анъаналари асосида бепул касб-ҳунар курслари ташкил этилди. Уларда 67 нафар хотин-қиз тиккувчилик, пазандачилик, соч турмаклаш каби касбларни эгаллашга йўналтирилди. Аниқ фанлар бўйича ташкил этилган ўқув курсларига эса 22 нафар хотин-қиз жалб қилинди.

Жами 89 нафар аёлнинг янги касб ва билимларга йўналтирилгани ушбу ташаббуснинг амалий аҳамиятини кўрсатади. Чунки касб — бу фақат ҳунар эмас. У аёл учун мустақиллик, ўз кучига ишонч, оиласи учун қўшимча даромад ва келажакка дадил қадам демакдир.
Клуб фаолиятида аҳоли билан манзилли ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Партиянинг 2025–2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури асосида амалга оширилаётган “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 713 та хонадонга ташриф буюрилиб, 499 нафар хотин-қизнинг муаммолари ўрганилди. Муаммолар ҳам турлича: кимгадир иш керак, кимдир касб ўрганиш истагида, яна бир оилага кредит ёки ижтимоий кўмак зарур. Айрим ҳолларда соғлиқни сақлаш, уй-жой, ер-мулк масалалари долзарб бўлса, бошқа бир ҳолатда аёлнинг ўз тадбиркорлигини бошлаши учун амалий кўмак талаб этилади. Муҳими, бу мурожаатлар қоғозда қолиб кетмади. “Маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш тизими доирасида 169 та сайёр қабул ва учрашув ўтказилиб, 3 529 нафар аҳоли қамраб олинди. Келиб тушган 277 та муаммонинг 252 таси ижобий ҳал этилди. “Аёллар дафтари” билан боғлиқ 200 та масаланинг 180 тасига ҳам ечим топилди. Бу рақамлар клуб фаолиятида “эшитиш” билан “ҳал қилиш” ўртасидаги фарқ тобора қисқараётганини кўрсатади. Зеро, аҳолининг ишончини қозониш учун мурожаатни қабул қилишнинг ўзи кифоя эмас — унинг ортидан аниқ ҳаракат ва натижа бўлиши керак.
Хотин-қизларнинг жамоатчилик ва сиёсий ҳаётдаги иштироки ҳам клуб эътиборида бўлди. Ҳисобот даврида клуб аъзоларининг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари 80 тани ташкил этди. Ёшлар масалалари бўйича 18 та, аёл депутатлар томонидан эса 58 та депутатлик сўрови юборилди. Шунингдек, аёл депутатлар ташаббуси билан 20 та масала сессия кун тартибига киритилди.

Бу — аёлларнинг жамият ҳаётидаги роли фақат ижтимоий масалалар билан чекланиб қолаётгани йўқ, балки улар ҳудуд тараққиётига дахлдор қарорларни қабул қилиш жараёнида ҳам тобора фаол иштирок этаётганидан далолат.
Йиғилишда сўз олган партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Гулчеҳра Шарипова хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини янада ошириш, жойларда аниқланаётган муаммоларни депутатлар билан ҳамкорликда тизимли ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. “Сиёсатчи аёллар” клуби раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абиpa Хусейнова эса биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот бериб, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифаларга тўхталди. Клуб аъзоси, сенатор Мойра Тошева хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда қонунчилик соҳасида илгари сурилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини самарали таъминлаш масалаларига эътибор қаратди. Бухоро туман Кенгаши депутати Нафиса Ғайбуллаева эса аҳоли билан “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш, хотин-қизларни бандликка йўналтириш ҳамда уларга касб-ҳунар ўргатиш борасидаги амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири