Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат чет эл медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
APP: “Барча йўллар Тошкентга олиб боради”

Покистоннинг Associated Press of Pakistan (APP) агентлиги 25-27 ноябрь кунлари Тошкентда “Ипак йўлида туризм – TITF 2026” халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтиши ҳақидаги хабарни улашди.
“CAEx Uzbekistan” кўргазма марказида ўтказиладиган тадбирда 20 давлатдан 300 дан ортиқ компания иштирок этиши кутилмоқда. Ярмарка туризм ташкилотлари, туроператор, авиакомпания, инвестор ва халқаро ҳамкорлар учун мулоқот майдони бўлади.
Тадбир доирасида халқаро туризм инвестиция форуми, тақдимотлар, бизнес учрашувлар, муҳокамалар ва миллий павильонлар ташкил этилади. Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудуди туристик салоҳияти ҳам намойиш этилади.
Trend: Ўзбекистон ва Озарбайжон марказий банклари тажриба алмашди

Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Озарбайжон марказий банклари ўртасида тажриба алмашинуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев бошчилигидаги делегация Озарбайжон Марказий банкида бўлиб, турли йўналишларда тақдимот ва учрашувларда иштирок этган.
Мулоқотларда икки мамлакат марказий банклари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинган. Шунингдек, молиявий тизимлар, тўлов инфратузилмаси ва маълумот алмашинуви соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларига эътибор қаратилган.
Синьхуа: Ўзбекистон Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий ёрдамни ривожлантиради

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги Жаҳон банки Ўзбекистонга Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий ёрдамни ривожлантириш учун 100 миллион доллар имтиёзли кредит ажратишини эълон қилди.
Ушбу маблағ 4,3 миллион аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудда сурункали касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, шунингдек, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади. Дастур доирасида 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани модернизация қилиш ва 6,4 мингдан зиёд тиббиёт ходимини тайёрлаш режалаштирилган.
Лойиҳа 2028 йилнинг декабрь ойигача амалга оширилади.
БелТА: Беларусь ва Ўзбекистон агросаноат соҳасидаги кооперацияни кенгайтирмоқда

Беларуснинг “БелТА” ахборот агентлиги икки мамлакат қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида қўшма лойиҳаларни ривожлантираётгани ҳақида мақола эълон қилди.
Маълум қилинишича, икки мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги хомашёси савдоси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича режа қабул қилган. Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида аграр маҳсулотлар савдоси учдан бир қисмга ошган.
Ҳамкорликдаги йирик лойиҳалардан бири, Ўзбекистонда “Серволюкс” компанияси иштирокида паррандачилик кластерини ташкил этишдир. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққач, йилига 75 минг тонна парранда гўшти ва 14 минг тонна чуқур қайта ишланган маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Бундан ташқари, Беларусь корхоналари Ўзбекистонда мева-сабзавот ва резаворларни музлатиш ҳамда қайта ишлаш лойиҳаларини ҳам амалга оширмоқда. Шунингдек, “Беллакт” корхонасида Ўзбекистоннинг “Safolak” миллий бренди остида болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА