АҚШ ва Эрон тўқнашуви қайта бошланиши мумкинми?
Форс кўрфази давлатлари АҚШ ва Эрон ўртасида кенг кўламли ҳарбий тўқнашув қайта бошланиши эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда. Минтақада Қўшма Штатлар ҳарбий кучларининг кўпайтирилиши, Исроил ва Эрон армияларининг юқори шайлик ҳолати ҳамда Вашингтоннинг хавфсизлик огоҳлантиришлари кескинликни янада кучайтирди.
АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонида фаолият юритувчи америкалик давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига мамлакатни тарк этишни буюрди. Идора бу қарорни ҳусийлар ҳужумлари кучайгани билан изоҳлади.
Пентагон Форс кўрфазига қўшимча ҳарбий техника, жумладан, учинчи авианосец ва минглаб ҳарбийларни юборгани хабар қилинмоқда. Теҳрон эса янги ҳужум бўлса, минтақадаги АҚШ манфаатлари ва фуқаролик инфратузилмасига қарши жавоб зарбалари берилишини маълум қилди.
“The New York Times” нашри АҚШ ва Исроил Эроннинг энергетика объектлари, ядровий иншоотлари, ракета ҳамда дрон захираларига зарба бериш режаларини ишлаб чиққанини хабар қилди.
Франция президенти Эммануэль Макрон эса Қатардаги учрашувлар чоғида вазиятнинг ноаниқлиги сабабли “ўта эҳтиёткорлик” зарурлигини таъкидлади. Айни пайтда Қатар ва Покистон воситачилигида дипломатик мулоқот давом этмоқда.
Экспертлар фикрича, янги низо нафақат минтақадаги тинч аҳоли хавфсизлигига таҳдид солиши, балки нефть, табиий газ ва бошқа муҳим маҳсулотлар етказиб берилишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА