“Ақлли” харита — самарали таъминот кафолати
Бугунги кунда мамлакатимизда коммунал соҳани рақамлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда инфратузилма объектларини замонавий бошқарув тизимлари асосида юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, табиий газ таъминоти тизимида инновацион ёндашувларни жорий этиш орқали иш самарадорлигини ошириш, авария ҳолатларининг олдини олиш ва истеъмолчиларга қулайлик яратиш муҳим вазифалардан бирига айланган.
Шу мақсадда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида ҳам замонавий рақамли дастурлар кенг жорий этилмоқда. Хусусан, “ArcGIS – HGT Onlayn boshqaruv” географик ахборот тизими бугунги кунда соҳадаги муҳим электрон платформалардан бири сифатида самарали қўлланилмоқда.
Айни пайтда тизимда фаолият юритаётган 117 нафар ҳудуд чилангарларининг кунлик иш жараёнлари ушбу электрон дастур орқали мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Бу эса табиий газ тармоқлари ва ундаги қурилмалардан самарали фойдаланиш, хизмат кўрсатиш ишларини тизимли ташкил этиш ҳамда иш сифати ва тезкорлигини янада ошириш имконини бермоқда.

Мутахассислар махсус мобил илова орқали кун давомида амалга оширган ишлари ҳақидаги маълумотларни “ArcGIS – HGT Onlayn boshqaruv” тизимига онлайн тарзда юклаб боради. Натижада ҳар бир ҳудуддаги иш жараёни реал вақт режимида кузатилиб, газ таъминотининг узлуксизлиги мониторинг қилинади. Шу билан бирга, юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатлари тезкор аниқланиб, уларни қисқа муддатда бартараф этиш чоралари кўрилади.
Энг муҳими, мазкур рақамли тизим орқали аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати сезиларли даражада яхшиланмоқда. Газ тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш, техник хизмат кўрсатиш ишларини режалаштириш ва назорат қилиш жараёнлари анча осонлашган.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси Азамат Ғайбуллаевнинг таъкидлашича, мазкур дастур нафақат иш жараёнларини назорат қилиш, балки таҳлил қилиш имкониятини ҳам кенгайтирган:

-ArcGIS — бу замонавий “ақлли” харита тизими ҳисобланади. У орқали газ таъминоти ходимларининг фаолияти кузатилади, бажарилган ишлар таҳлил қилинади ва ҳар бир жараён электрон базага киритиб борилади. Бу эса иш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, муаммоларни олдиндан аниқлаш имконини ҳам яратади. Энг асосийси, тизим визуал маълумотлар билан ишлайди. Яъни харита орқали қайси ҳудудда қандай муаммо борлиги, қандай ишлар амалга оширилгани ёки бажарилиши лозимлиги аниқ кўриниб туради. Натижада керакли газ ўз вақтида ва сифатли етказиб берилиши таъминланади, — дейди мутахассис.
Дарҳақиқат, рақамли технологияларнинг коммунал соҳага кенг татбиқ этилиши нафақат ходимлар меҳнатини енгиллаштирмоқда, балки аҳоли учун ҳам қулай ва ишончли хизмат кўрсатиш тизимини шакллантирмоқда. “Ҳудудгаз Бухоро” филиалида амалга оширилаётган бундай замонавий ёндашувлар эса соҳада очиқлик, тезкорлик ва самарадорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА