Ибратли оилалар тақдирланди
Ховос туманида оила муқаддаслигини улуғлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда намунавий турмуш тарзи, фарзанд тарбияси ва маҳалла ҳаётидаги фаол иштироки билан юртдошларига ўрнак бўлиб келаётган оилалар муносиб эътироф этилди.
Тадбир давомида 9 та хонадон соҳибига “Ибратли оила” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Жумладан, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Насиба Ўролова ва Нигора Назарова, “Истиқлол” маҳалласида истиқомат қилувчи Азиза Файзуллаева ва Маҳбуба Отажонова, “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Дилфуза Мансурова, “Бунёдкор” маҳалласида истиқомат қилувчи Нодира Насруллаева ва Асал Набиева, “Оқчангал” маҳалласида яшовчи Турсуной Жангирова ҳамда “Тинчлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Хайринисо Бойжигитова ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлди.

Шунингдек, тадбир доирасида янги оила қуриб, ўзаро ҳурмат ва садоқат асосида ибратли ҳаёт кечираётган бир қатор ёш ибратли оилалар ҳам тақдирланди.
Тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Сўзга чиққанлар оила жамиятнинг энг муҳим таянчи эканини, соғлом ва маънавий баркамол авлод тарбияси аввало оила муҳитига боғлиқлигини алоҳида таъкидладилар.

Қайд этилганидек, “Ибратли оила” кўкрак нишони узоқ йиллар давомида аҳил-иноқ яшаб, фарзандларини миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаб келаётган, маҳалла ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган оилаларга берилади. Бу каби эътирофлар ёшларни оилапарварлик, масъулият ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир якунида тақдирланган оилаларга эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчилар бундай маънавий рағбат жамиятда оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Ғулом Примов, ЎзА