Масъулият ва бурч сабоғи
Юрт келажаги, мамлакат тинчлиги ва халқ осойишталиги аввало ватанпарвар, жасур ва фидойи ёшлар қўлидадир. Шу боис бугун мамлакатимизда ёш авлодни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу мақсад йўлида Сирдарё вилоятининг чекка ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларида “Ватанпарварлик карвони” маънавий-маърифий тадбирлари ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши ҳамда Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази ҳамкорлигида ўтказилди.

Учрашувлар давомида ёшлар билан самимий ва очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Соҳа вакиллари, фахрий ҳарбийлар ҳамда мутахассислар томонидан ҳарбий хизматнинг нақадар шарафли ва масъулиятли экани, Ватан ҳимояси ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи ҳисобланиши ҳақида таъсирчан фикрлар билдирилди. Айниқса, фахрийларнинг ҳаётий тажрибалари, хизмат давридаги хотиралари ва ватанпарварлик ҳақидаги мулоҳазалари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти, қабул жараёнлари, яратилган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ёшларга ҳарбий соҳада таълим олиш, касб эгаллаш ва келгусида мамлакат мудофаа тизимида муносиб хизмат қилиш имкониятлари ҳақида тушунтиришлар берилди. Тарғибот материаллари, буклет ва ахборот қўлланмалари тарқатилиб, ўқувчиларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

– Биз биламизки, бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат, бурч ва масъулият туйғусини янада мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. “Ватанпарварлик карвони” каби тадбирлар айнан шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Чекка ҳудудлардаги мактабларгача етиб бориб, ёшлар билан очиқ мулоқот ўрнатиш, уларнинг қизиқиш ва саволларига жавоб бериш, ҳарбий хизматнинг ҳақиқий мазмунини англатиш — бу келажак авлод тарбиясида жуда муҳим аҳамият касб этади. Бундай учрашувлар ёшларнинг онгу тафаккурида ижобий ўзгаришлар ясайди, уларда ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтиради, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.

Тадбир давомида ёшлар нафақат ҳарбий соҳа ҳақида маълумотга эга бўлди, балки Ватан тақдирига дахлдорлик, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини янада чуқурроқ ҳис қилди. Айниқса, “Юрт тинчлиги — халқ фаровонлиги гарови” экани ҳақидаги фикрлар иштирокчилар қалбида катта таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА