Ҳайдовчилардан қарздорлик ундирилди
Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги рейд тадбирлари давомида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан 63,9 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик ундирилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг май ойи бошидан буён қарздорларга тегишли 22 та автотранспорт воситаси аниқланиб, белгиланган тартибда жарима майдонларига жойлаштирилган.

Рейд тадбирлари суд ҳужжатлари ва бошқа ваколатли органлар қарорлари ижросини таъминлаш, қарздорларнинг жавобгарликдан бўйин товлашининг олдини олиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий масъулиятини ошириш ҳамда ижро ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда вилоят ҳудудларида ҳамкорликдаги рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА