Анталияда COP31 иқлим саммити бошланди
Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТ COP31 иқлим саммити очилди. 20 ноябрга қадар давом этадиган анжуманда буғ гази чиқиндисини камайтириш, муқобил энергия манбаларига ўтиш, метан ажралиб чиқишини чеклаш ва шаҳарларни иқлим ўзгаришига мослаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Мазкур тадбир Эрон билан уруш туфайли Ҳурмуз бўғози ёпилиб, жаҳон бозорида ёнилғи ва ўғит нархи ошган бир пайтда ўтаётгани энергетика хавфсизлиги ва қайта тикланувчи манбаларга сармоя киритиш масаласини янада долзарблаштирди.

БМТ иқлим масалалари бўйича раҳбари Саймон Стилл мамлакатларни мавжуд мажбуриятни бажаришга чақирди. Анжуманда ривожланаётган давлатлар учун иқлим лойиҳаларини молиялаштириш ва табиий газдан самарали фойдаланиш асосий мавзуга айланиши кутиляпти. Бу гал Анталияда 90 000 дан зиёд иштирокчи тўпланади. Давлат раҳбарлари учрашуви 11-12 ноябрь кунларига белгиланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА