Аномал иссиқда кўчатларни қачон суғориш керак?
Нотўғри вақтда берилган сув ҳам зарар келтириши мумкин
Ёзнинг аномал иссиқ кунларида кўчат ва дарахтларни парвариш қилиш одатдагидан кўра катта эътибор талаб қилади.
Кўпчилик ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда кўпроқ сув қуйиш ўсимлик учун фойдали, деб ҳисоблайди. Аслида эса суғоришнинг вақти ҳам, усули ҳам ўсимлик саломатлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган кунларда кўчатларни суғориш учун энг мақбул вақт кечки соат 20:00 дан эрталабги 05:00 гача бўлган оралиқ ҳисобланади. Бу вақтда ҳаво салқин бўлади, сувнинг буғланиши камаяди ва намлик тупроқда узоқроқ сақланади. Натижада сув бевосита илдизларга етиб боради ва ўсимликнинг иссиққа чидамлилиги ошади.
Янги экилган кўчатлар тез-тез, аммо меъёрида суғорилиши лозим. Ёш дарахтларга ҳафтасига икки-уч марта чуқур қилиб сув бериш тавсия этилади. Катта дарахтлар эса ҳафтасига бир ёки икки марта, етарли миқдорда ва чуқур суғорилса, уларнинг илдиз тизими мустаҳкамланади.
Мутахассислар суғоришда бир қатор муҳим қоидаларга амал қилишни тавсия этади. Аввало, сувни баргларга эмас, балки тўғридан-тўғри илдиз қисмига қуйиш керак. Бу нафақат сув тежалишига, балки ўсимликнинг соғлом ривожланишига ҳам хизмат қилади. Сувни аста-секин бериш унинг чуқур қатламларга сингишини таъминлайди.
Шунингдек, кўчат атрофига мулча ёйиш яхши натижа беради. Мулча тупроқдаги намликни узоқ сақлайди, илдизларни қизиб кетишдан ҳимоя қилади ҳамда суғоришлар орасидаги вақтни узайтиради.
Энг муҳими, куннинг энг иссиқ палласи — соат 10:00 дан 17:00 гача кўчатларни суғормаслик керак. Бу вақтда сув жуда тез буғланади, ҳатто айрим ҳолатларда ўсимликка қўшимча стресс келтириб чиқариши мумкин.
Табиатни асраш ҳар бир кўчатдан бошланади. Иссиқ кунларда тўғри парвариш қилинган ҳар битта дарахт келажакда соя, тоза ҳаво ва салқин муҳит яратишга хизмат қилади. Шу боис барчамиз кўчатларни ўз вақтида ва меъёрида суғоришга масъулият билан ёндашиши муҳим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА