Аҳоли муаммолари ўрганилиб, ечимлар белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги шахсий қабули ўтказилди. Унда 167 нафар фуқаро ўзини қийнаётган турли масалалар юзасидан мурожаат қилди.
Кўтарилган масалаларнинг аксарияти аҳолининг кундалик турмуши ва ижтимоий эҳтиёжлари билан боғлиқ. Уй-жой, бандлик, иш ҳақи, ер ва кадастр, кредит, таълим, тиббий ёрдам ҳамда ичимлик суви таъминоти шулар жумласидандир.
Айниқса, уй-жойга оид масалалар салмоқли бўлди. 29 нафар фуқаро хонадон билан таъминлаш, мавжуд уйларни таъмирлаш ёки чала қолган қурилишларни якунлашда амалий кўмак сўради. Ер ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кредит олиш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам билдирилди.

— Бугунги қабулда 167 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларнинг ҳар бири ортида алоҳида оиланинг ташвиши ва ҳал этилишини кутаётган эҳтиёжи бор. Шу боис ҳар бир ҳолатни чуқур ўрганиб, амалий ечим белгилашга эътибор қаратилди. Масъулларга аниқ вазифалар топширилиб, ижроси назоратга олинди.
Фуқароларни уй-жой, бандлик, иш ҳақи, ер ва кадастр, кредит, таълим контракти, тиббий ёрдам ҳамда ичимлик суви билан боғлиқ масалаларда қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилди. Асосий мезон — мурожаатлар сони эмас, уларнинг натижадор ҳал этилишидир, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Манучеҳр Мирзаев.
Бандлик ва меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ 20 та мурожаат қайд этилди. Шундан 12 таси иш билан таъминлаш, 8 таси эса ўз вақтида тўланмаётган иш ҳақига тааллуқли. Ижтимоий йўналишда фарзандларининг ўқиш контракти учун кўмак, оғир хасталикка чалинган яқинларини даволатиш, шунингдек, ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ҳар бир ҳолат бўйича масъул ташкилотлар ва ижро муддатлари белгилаб берилди. Топшириқларнинг бажарилиши вилоят раҳбари назоратига олинди. Қабулда билдирилган ҳар бир фикр ортида инсон ва унинг оиласи манфаати тургани инобатга олиниб, кўтарилган масалаларни аниқ чоралар асосида ҳал этишга қарор қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири