Академик ва ёшлар учрашуви
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги 243-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган "Мустақиллик дарси" Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, академик, сенатор Шавкат Аюпов иштирокида ўтди.
Тадбирда юртимизда ёш авлоднинг мукаммал таълим олиши, илм-фан чўққиларини эгаллаши ва халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиши учун яратилаётган шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Дунёга танилган йирик олим Шавкат Аюпов ўқувчилар билан самимий мулоқот қилиб, илм-фан сирлари, математика фанининг жамият тараққиётидаги ўрни ҳамда ўзининг ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга мустақиллик берган улкан имкониятлардан оқилона фойдаланиш, китоб ўқишга бўлган муҳаббатни ошириш ва ўз олдига юксак мақсадлар қўйиш бўйича қимматли маслаҳатларини улашди.

Самимий савол-жавоблар ва қизғин мунозараларга бой ўтган дарс ёш авлоднинг қалбидаги ватанга муҳаббат ва илмга бўлган интилиш туйғуларини янада кучайтирди. Бундай учрашувлар мактаб ўқувчилари учун келажакдаги катта марралар сари мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.
Муҳайё Турдалиева, ЎзА