Ўзбекистонлик аёл тадбиркорлар Германияда малака оширмоқда
Ўзбекистонлик аёл тадбиркорлар учун Германияда ишлаб чиқариш ва замонавий бошқарув усулларига бағишланган халқаро ўқув семинари ташкил этилди.
Albstadt-Sigmaringen университетида бўлиб ўтаётган машғулотларда иштирокчилар корхона фаолиятини самарали ташкил этиш, иш жараёнларини такомиллаштириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича назарий ҳамда амалий билимларини оширмоқда.
Мазкур ўқув “Gesamtmasche” ташкилоти ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “GUZ Partners” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Семинар дастуридан ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ёндашувлар ўрин олган. Жумладан, Lean Management, Kaizen, KPI, Value Stream Mapping, стандартлаштириш ва визуал бошқарув каби усулларни қўллаш бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.
Ўқув жараёнида олинган билим ва тажрибани юртимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига татбиқ этиш, ортиқча харажатларни камайтириш, иш жараёнларини мақбуллаштириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Уюшма ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур ташаббус аёл тадбиркорларнинг замонавий бошқарув соҳасидаги салоҳиятини юксалтириш билан бирга, тўқимачилик тармоғида самарали, барқарор ва рақобатбардош бизнесларни ривожлантиришга қаратилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА