Навоий давлат университетида маънавий-маърифий ишлар янги босқичда
Бугун ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва қобилиятини намоён этиши учун берилаётган эътибор мамлакатимиз тараққиётининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Чунки билимли, дунёқараши кенг, маънан етук ва ташаббускор ёшлар — жамиятнинг эртанги тараққиётини белгилайдиган кучдир.
Олий таълим муассасаларида бу вазифа фақат дарс жараёни билан чекланмайди. Талабанинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уни спорт ва санъатга жалб қилиш, китобхонлик маданиятини ошириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш ҳам таълим-тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Навоий давлат университетида маънавий-маърифий ва ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолият шу тамойиллар асосида йўлга қўйилган. Ўтган ўқув йили давомида талабалар иштирокида турли учрашувлар, давра суҳбатлари, ижодий кечалар, спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ва маърифий лойиҳалар ташкил этилди. Бундай тадбирлар ёшларнинг жамоатчилик ҳаётидаги фаоллигини ошириш баробарида уларнинг қобилиятини юзага чиқариш учун ҳам имконият яратмоқда.

Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Киберхавфсизлик, гиёҳвандликнинг зарари, йўл ҳаракати хавфсизлиги, миллий қадриятлар ва ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришга бағишланган учрашувлар орқали талабаларнинг ҳуқуқий ва маънавий билимини оширишга ҳаракат қилинмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда эса спорт, санъат ва интеллектуал клубларнинг ўрни катта. Бугун университетда 13 та спорт тўгараги фаолият юритмоқда. “Спорт билан оғусиз ҳаёт сари”, “Саломатлик учун 5 минг қадам”, “Мен соғлом турмуш тарафдориман”, “Талабалар лигаси” ва “Ректор кубоги” каби лойиҳа ҳамда мусобақалар талабаларни фаол ҳаёт тарзига жалб этишга хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида бу ҳаракатлар натижасини ҳам бермоқда. Бугунги кунда талабалар орасида спортга қизиқиш ортиб, 34 нафар ёш халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.
Санъат ва ижод йўналишида ҳам имкониятлар кенг. Университетда 20 га яқин тўгарак ва клуб фаолият юритиб, “Қизларжон”, “Лидер қизлар”, “Зулфияхоним издошлари”, “Заковат” каби интеллектуал ва ижодий майдонлар ёшларнинг қизиқишларини ривожлантирмоқда. “Навоий талабалар театри” студияси, “Зарб” ансамбли ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари эса талабаларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиши учун ўзига хос саҳнага айланган.
Ёшларнинг билим ва иқтидорини қўллаб-қувватлашда “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. 2026 йилда ушбу тадбирларда университетнинг 9 мингдан ортиқ талаба-ёшлари қамраб олинди. Энг муҳими, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ўз самарасини бермоқда. Университетнинг 16 нафар талабаси Президент ва номдор давлат стипендияларига сазовор бўлди.

Бу натижалар замирида ёшларга берилган имконият билан бирга уларнинг ўз устида ишлаши, билимга интилиши ва ташаббус кўрсатиши ҳам бор. Шунинг учун университетда китобхонликни тарғиб қилиш, интеллектуал салоҳиятни ошириш ва ижодий қобилиятни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни кенгайтиришга эътибор берилмоқда.
Ёшлар билан ишлашда яна бир муҳим жиҳат бор. Ҳар бир талаба бир хил шароитда бўлмаслиги мумкин. Кимгадир маънавий кўмак, яна кимгадир моддий ёрдам, бошқа бир ёшга эса психологик қўллаб-қувватлаш зарур бўлади. Шу боис университетда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар билан индивидуал ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Хусусан, 2025 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга 1,1 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабаларга қўшимча стипендиялар тўлаб берилди. Бу каби амалий кўмак ёшларнинг таълимни давом эттириши ва ўз имкониятларини тўла намоён этиши учун муҳим омилдир.
Янги 2026-2027 ўқув йили эса университет жамоаси олдига янада катта вазифаларни қўймоқда. Энди асосий мақсад тадбирлар сонини кўпайтириш эмас, балки уларнинг мазмуни ва таъсирчанлигини оширишдан иборат. Ёшларнинг ҳаётига дахл қиладиган, уларнинг фикрлашини кенгайтирадиган, ташаббусини рағбатлантирадиган лойиҳаларга устуворлик бериш кўзда тутилмоқда.

Бунинг учун китобхонлик муҳитини янада кучайтириш, ижодкор ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал, спорт ва ижодий танловлар кўламини кенгайтириш, янги тўгарак ва клубларни ташкил этиш режалаштирилган. Талабалар билан очиқ мулоқотларни кўпайтириш, уларнинг фикр ва таклифларини эшитиш, муаммоларини ўз вақтида ўрганиш ҳам эътибор марказида бўлади.
Ёшларимизнинг ҳар бир ютуғи нафақат университетнинг, балки ота-оналар, устозлар ва бутун жамиятнинг ютуғидир. Билимли, маънавиятли, ватанпарвар ва ташаббускор авлодни тарбиялаш эса бугунги куннинг эмас, келажак олдидаги энг муҳим вазифамиздир.
Бахтиёр Бобоназаров,
Навоий давлат университетининг маънавий-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича биринчи проректори.
ЎзА