Тошкентда "Россия таълими. Тошкент - 2026" халқаро таълим кўргазма-ярмаркаси ўтказилади
Жорий йилнинг 25-26 сентябрь кунлари пойтахтимизда Россия олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларига бағишланган "Россия таълими. Тошкент - 2026" халқаро таълим кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтади.
Тадбир "Россотрудничество"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасидаги Россия Федерацияси элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кўмагида ташкил этилмоқда.
Айтиш жоизки, мазкур тадбир 2026 йилда олтинчи бор ташкил этилмоқда. Кўргазмада Россиянинг 40 дан ортиқ олий таълим муассасаси иштирок этиши кутиляпти. Университетлар вакиллари иштирокчиларга таълим дастурлари, мавжуд йўналишлар, қабул шартлари ҳамда талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот беради.
Айниқса, тадбир Россияда таҳсил олишни режалаштираётган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун муҳим имконият ҳисобланади. Иштирокчилар икки кун давомида бир майдоннинг ўзида ўнлаб олий таълим муассасалари билан танишиш, улар таклиф этаётган таълим дастурларини солиштириш ҳамда университетлар вакилларидан бевосита маслаҳат олиш имкониятига эга бўлади.
Кўргазманинг асосий йўналишларидан бири Россия олий таълим муассасаларига қабул тартиби ва грант асосида таҳсил олиш имкониятларига бағишланади. Хусусан, иштирокчилар Россия Федерацияси Ҳукумати квотаси доирасида бепул таълим олиш имкониятлари, ҳужжат топшириш тартиби ва қабул жараёни билан боғлиқ масалалар юзасидан зарур маълумотларга эга бўлишлари мумкин.
Ваколатхона ахборот хизматининг таъкидлашича, кўргазма ёшларга келгуси касб ва таълим йўналишини танлашда амалий кўмак бериш, Россия олий таълим муассасалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этиш ҳамда абитуриентлар учун мавжуд таълим имкониятларини кенг ёритишга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА